АОКАда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Отамуродов иштирокида брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича, бугунга қадар кўчмас мулклар бўйича маълумотлар бир нечта ахборот тизимларида сақланиб келинган. Ушбу тизимлар бошқа давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилинганда кўчмас мулклар бўйича ахборот алмашишда маълумотларда хатоликлар кузатилган. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш ягона маълумотлар базасини яратишни тақозо қилган.
Президентимизнинг 2022 йил 24 августдаги 198-сон фармонига асосан UZKAD ахборот тизими – кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгиланган.
Бунда кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш UZKAD тизимидаги маълумотлар асосида амалга оширилади ва бу маълумотларнинг ҳаққонийлиги давлат томонидан кафолатланади. Жисмоний ва юридик шахсларга солиқларни ҳисоблаш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, давлат хизматлари, банк, коммунал, суғурта ва бошқа оммавий хизматларни кўрсатишда кўчмас мулкка оид барча маълумотлар тегишли давлат органлари ҳамда хизмат кўрсатувчи шахсларга UZKAD тизими орқали тақдим этилади.
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига киритилган ёзувлар ва кўчмас мулк объектлари бўйича «мулк тарихи»га оид маълумотлар жисмоний ва юридик шахслар учун очиқ бўлади.
Фармонда қоғоз шаклида ёки бошқа ахборот тизимларида давлат рўйхатидан ўтказилган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотлар босқичма-босқич UZKAD ахборот тизимига тўлиқ ўтказиш кўрсатиб ўтилган.
Кадастр агентлиги мутахассислари томонидан жами 500 мингта нотурар жой объектларига оид 4 миллиондан ортиқ маълумотларни UZKAD тизимига ўтказиш (миграция) ишлари 7 декабрдан бошланган ва 19 декабрда тўлиқ якунига етказилган.
Ҳозирда UZKAD тизими билан боғлиқ ҳеч қандай муаммолар мавжуд эмас, тизим ишламоқда. Амалдаги тартиб бўйича нотурар кўчмас мулклар бўйича нотариал битимлар тасдиқлаш жараёнида Нотариал идоралар Кадастрга сўров юборади ва жавоб келганидан сўнг битим тасдиқланади.
Нотурар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ илгари қоғоз шаклида ёки бошқа ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилган.
Нотурар кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ипотека шартномалари, бино ва иншоотлар ижара шартномаси, сервитутни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланишда уч кун ичида UZKAD тизимида рўйхатдан ўтказилгандан сўнг хизматлар кўрсатиш амалга оширилади.
Жорий йилнинг 11 декабридан буён нотариуслар томонидан илгари UZKAD тизимида давлат рўйхатидан ўтказилмаган кўчмас мулклар бўйича 2247 та сўров келиб тушган, шундан 582 та объект UZKAD тизимида давлат рўйхатидан ўтказилиб, сўровга жавоб қайтарилган.
Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда нотариал идоралардан кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича жами 1120 та ариза келиб тушган бўлиб, шундан 680 та ариза тўлиқ якунланган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА