Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
11 декабрь – Халқаро тоғлар куни
10:39 / 2025-12-11

11 декабрь – Халқаро тоғлар куни дунё миқёсида тоғли ҳудудларга эътибор қаратиладиган, уларнинг экологик аҳамияти кенг муҳокама этиладиган муҳим сана сифатида нишонланади. Ушбу кун 2003 йил январь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 57-сессиясида тасдиқланган бўлиб, унда тоғли ҳудудларни ривожлантириш ва улардаги аҳолига кўмак беришга кенг омма эътиборини жалб қилиш мақсадида турли тадбирлар ўтказилади.

Тоғлар Ер юзининг қарийб 25 фоизини эгаллайди. Улар нафақат географик ҳудуд сифатида, балки иқтисодий, экологик, ижтимоий барқарорликнинг ажралмас омили сифатида ҳам жуда муҳим саналади. Дунё аҳолисининг 10 фоизга яқини бевосита тоғларда яшайди. Бундан ташқари, тоғлар атрофида экотизимлар ва сув ресурсларидан миллиардлаб инсонлар баҳраманд бўлади.

Албатта, тоғлар кўплаб ноёб ўсимлик ва ҳайвон турлари учун табиий қўриқхона вазифасини ўташи ва ердаги барча асосий дарёларнинг манбаи саналишини ёдда тутиш зарур. Бироқ, ҳозирги кунда тоғларнинг заиф экотизимга айлангани тез-тез таъкидланмоқда. Тоғларнинг муҳим глобал аҳамияти шундаки, улар чучук сув халқаро захирасининг катта қисмини сақлашга хизмат қилади, шунингдек, тоғларда ноёб биологик хилма-хиллик тарқалган.

Бугунги кунда атроф-муҳит ҳолатининг салбий томонга ўзгариши тоғларда қурғоқчилик, кўчкилар, сув тошқинлари ва бошқа табиий офатларни келтириб чиқармоқда. Буларнинг барчаси тоғли ҳудудлардаги камёб табиат йўқолишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун тоғларни сақлаб қолишда халқаро ҳамжамият эътиборини ушбу муаммоларга жалб қилиш муҳим саналади.

Тоғлар сайёрамизнинг табиий устунлари, сув ва ҳаёт манбаи, маданий бойликлар макони ҳисобланади. Шу боис, ҳар йили 11 декабрь куни нафақат тадбирлар ўтказиш, балки тоғларни сақлашга доир амалий ишларни кучайтириш, глобал ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА