English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
11-16 ноябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади
14:43 / 2024-11-08

Мамлакатимизда 11-16 ноябрь кунлари жорий йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади.

Ўзбекистон диёрида азалдан турли миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила фарзандларидек яшаб келмоқда. Зотан, бағрикенглик, меҳр-мурувват халқимизнинг азалий фазилатларидан саналади.      

Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган янгиланиш жараёнларида миллатлараро тотувликни таъминлаш, жамиятимизда ижтимоий барқарорлик, ўзаро меҳр ва оқибат, инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлашга катта эътибор қаратилмоқда.    

Бугунги кунда мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари тақдим этган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият йўналишларида самарали меҳнат қилмоқда. Ватанимиз равнақи, унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.  

Бир неча йилдирки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” юқори савияда ва баланд руҳда ўтказилмоқда. 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига уйғун тарзда нишонланиб келинаётган ушбу маърифий ҳафталик миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ёшларни энг эзгу ва олижаноб ғоялар асосида камолга етказиш борасида Ўзбекистон томонидан тўпланган ижобий тажрибани жаҳон миқёсида намойиш этишга имкон бермоқда. Айни пайтда бу борадаги эзгу ва ибратли ишлар дунёнинг аксарият давлатлари учун намуна эканини бугунги кунда кўплаб халқаро ташкилотлар, йирик олимлар, экспертлар юксак эътироф этмоқда.  

11-16 ноябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўтказиладиган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида маҳаллалар, таълим даргоҳлари, мактаблар, олий ўқув юртларида миллатлар ўртасидаги тотувликни асрашга оид турли тадбирлар, иншолар танловлари, “Миллий анъана ва удумлар” номли  кўргазмалар, мусиқий тадбирлар, шеърхонлик кечаларини ўз ичига олган “Бағрикенглик  фестиваллари” ўтказилади.  

Давлат муассасалари, ўқув масканларида “Биз бир мамлакатда яшаётган  ягона халқмиз”, “Диний маърифат ва миллатлараро бағрикенглик  – жамият барқарорлиги шарти” мавзусида илмий-амалий ва маърифий тадбирлар ўтказилади. Шу билан бирга, “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – умрбоқий қадриятлар” мавзусидаги давра суҳбатлари, маърифий тадбирлар ўтказилади.  

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудлардаги хиёбон ва сайилгоҳларда “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли маданий тадбирлар, ижодкор зиёлилар, қардош халқларнинг ёзувчи ва шоирлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида адабий- бадиий асарлар кўргазмаси ташкил этилади.  

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва нодавлат телеканаллар томонидан юртимиздаги миллатлараро тинчлик ва дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатликни, буюк аждодларимиз меросини намойиш этувчи фильмлар, туркум кўрсатувлар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар халқимизга тақдим этилади.  

Ҳафталик давомида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва кўплаб ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Тошкент Фотосуратлар уйида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли кўргазма, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан бирга, “Янги Ўзбекистон китоб ва китобхонликдан бошланади” номли бадиий асарлар кўргазмаси, шеърхонлик кечалари бўлиб ўтади.  

Шунингдек, диний ва миллатлар ўртасидаги бағрикенгликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган юртдошларимизнинг катта гуруҳини “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тантанали тақдирлаш маросими, Ўзбекистон маданияти ва санъати усталари, миллий маданият марказларининг бадиий жамоалари иштирокида “Бағрикенглик оҳанглари” номли гала-концерт ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.  

Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Ўзбекистонда тинчлик ва тотувлик, дўстлик, иноқликни, ижтимоий барқарор муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши, ҳар бир юртдошимизнинг инсонийлик, чин фарзандлик бурчи эканини яна бир карра намойиш этади.  

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири