Мутахассисларнинг сўзларига кўра, асосан мактаб ёшидаги болаларда туғма ва орттирилган миопия касаллиги кўп учрамоқда. Туғма миопияга кўз олмасининг туғма нуқсонига олиб келади. Бу касалликка яна склеранинг кучсизлиги қўшилса, кўзда процесс кучая боради. Бугунги кунда ўрта ва катта синфга ўтиш жараёнида, айниқса 11-14 ёшдан бошлаб узоқни кўра олмайдиган болалар сони кўпаймоқда. 19-25 ёшда бундайлар улуши 28,7 фоизга етади.
Хўш, мазкур касаллик юзасидан соҳада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ўзбекистон Офтальмологлар ассоциацияси мутасаддиларининг таъкидлашича, компьютер, смартфон, мобил телефон каби техник қуроллар бугун бизнинг асосий иш қуролимизга айланиб бормоқда. Бунинг натижасида кўзларимиз табиий иш режимини ўзгартиришга мажбур бўлиб, кўзларнинг кўриш қобилиятига ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти.
Миопия, бу - узоқни яхши кўра олмаслик касаллиги бўлиб, ачинарлиси, сўнгги йилларда бу касаллик "яшариб" бормоқда. Кўз хасталикларининг олдини олиш ва даволаш ўзига хос машаққатни ва кўп меҳнатни талаб этадиган жараёндир.
Пойтахтимизда АҚШнинг “Lions Eye Institute: for transplant and research” халқаро институти, Ўзбекистон Офтальмологлар ассоциацияси ва ДМС инновацион клиникаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
[gallery-9666]
Қайд этилишича, мазкур меморандум негизида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон Офтальмологлар ассоциацияси ҳамкорлигида, Доктор Мақсудова Инновацион клиникаси қошида «Оптометрия академияси ва инновацион ўқув маркази» ташкил этилади.
Ушбу Академия “Lions Eye Institute: for transplant and research” халқаро институтининг Марказий Осиё минтақаси бўйича вакили ҳамда илмий-тадқиқот ва кадрлар тайёрлаш марказидир.
“Lions Eye Institute: for transplant and research” институти – АҚШда ташкил топган, 40 йиллик тажрибага эга, офтальмология ва трансплантология соҳасида инновацион ечимлар ва ғояларни илгари сурадиган, дунёнинг энг илғор илмий тадқиқот институтидир.
Оптометрия инновацион ўқув академиясининг асосий мақсадлари, бу – ўқув йўналишларини кенгайтириш, ўқув ва малака оширув инновацион методларини татбиқ этиш, болаларга эрта ташхис қўйиш учун шифоркорларни оптометрияда ўқитиш ва тайёрлаш, даволашнинг янги методларини ўргатиш, транспланталогия ва жарроҳликни ўқитиш, малака оширишда инновацион симуляцион ўқув ускуналаридан кенг фойдаланишдир.
- Ҳар қандай касалликни даволашдан кўра, олдини олиш муҳим, - дейди Ўзбекистон Офтальмологлар ассоциацияси мутахассиси Зулфия Мақсудова. - Биз бир гуруҳ соҳа шифокорлари билан биргаликда пойтахт мактабларида 3 минг нафарга яқин ўқувчилар ўртасида кўз касалликлари бўйича бепул тиббий кўрик ташкил этдик. Баъзи болаларда бу касаллик бошланиб кетганлигини ҳатто ота-оналар ҳам пайқамай қолишган. Кўз касалликларини даволаш бир мунча мукаммал босқичларни талаб этганлиги боис, биз шу йўналишда хорижлик ҳамкорларни юртимизга таклиф қилиб, шу ердаги шифокор ва ҳамшираларни ўқитиб, тажриба алмашишларини йўлга қўйдик. Келгусида Оптометрия инновацион ўқув академияси Марказий Осиёда биринчи бўлиб, халқаро савияли жарроҳлар ва мутахассисларни етиштириб чиқаради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА