Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорова иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон тўқимачилик саноати драйвер саноат соҳалар қаторида бўлиб, нафақат республика, балки Марказий Осиё ҳамда МДҲ давлатлари орасида етакчилик қилиб келмоқда. Саноат ривожланиши пахта-тўқимачилик кластери моделини шаклланишига ва бу пахтачиликда “ўзбек моделини” олға суришга турктки бўлди. Ўзбекистон тажрибаси қўшни давлатлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда.
Қайд этилишича, эришилган ютуқлар ва улардан дунё тўқимачилик вакилларини ҳабардор қилиш мақсадида анъанавий тус олаётган Тошкент тўқимачилик ҳафталиги октябрь ойининг 11-14 кунлари бўлиб ўтади. Унинг доирасида Тошкент тўқимачилик саммити, “Uztextile Expo – 2022” халқаро тўқимачилик ва мода кўргазмаси, модалар намойиши, барқарор тўқимачилик корхоналарига бизнес турлар ташкил этилади.
Саммит “Жаҳон тўқимачилик бозорида янги мувозанат – иштирокчилар ва тенденциялар” мавзусига бағишланади. Тадбир қатнашувчиларининг эътибори етказиб бериш занжири (supply chain) барқарорлиги, тўқимачиликда инновациялар ва қайта ишлаш масалаларига қаратилади. Республикамизда ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишлар кўрсатилади.
Экспертлар фикрига кўра, Ўзбекистон янги ривожланаётган ресурс марказига айланмоқда ва етакчи брендлар эътибори тўқимачилик саноатига қаратилган. Айнан ушбу ҳафталик давомида ўзбек тўқимачилик саноатининг ютуқталари ва потенциали кўрсатиб берилади.
Саммит “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилмоқда.
Саммитда 15 та давлатдан 400 дан ортиқ халқаро иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда. Илк бор саммит Fast Fashion масаласига қаратилади ва Буюк Британиянинг халқаро тўқимачилик нашри бош директори Марк Ярвис модераторлик қилади. Саммит дебат ва таклифлар шаклида ўтказилади.
Тадбирнинг энг муҳим тақдимоти – Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳомийлигида Gherzi халқаро консалтинг ташкилоти томонидан тайёрланган “Ўзбекистон тўқимачилик саноатига оид мустақил ахборот” ва БМТнинг “2024 йилгача Ўзбекистон тўқимачилик саноатида барқарор рақамли савдодан фойдаланиш бўйича корхоналар салоҳиятини ошириш” лойиҳаси тақдимоти меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиши кутилмоқда.
М.Қосимова, ЎзА