Жорий йилнинг апрель ойида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 225 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан 10,9 миллион киловатт соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Мазкур ҳолат туфайли тизимга 5,5 миллиард сўм зарар келтирилгани маълум бўлди. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 54 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Андижон, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Масалан, Андижон вилоятидаги якка тартибдаги тадбиркор “Я.С.”га қарашли цемент маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехида 522 миллион сўм, Сирдарё вилоятидаги “Сув таъминот” МЧЖда 340 миллион сўм, Тошкент вилоятидаги якка тартибдаги тадбиркор “Х. М.”да 163 миллион сўм миқдоридаги қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилди.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди, дейилади “Ўзэнергоинспекция” матбуот хизмати хабарида.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА