108 ёшли Шарофат момога эсдалик нишони топширилди
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбарининг шу йил 8 ноябрдаги фармони билан “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилган эди. Байрам арафасида ушбу эсдалик нишони фидойи ва фаол юртдошларимизга тантанали топширилди.
Самарқанд вилоятидан ҳам 2800 нафардан ортиқ фидойилар ушбу мукофотга муносиб деб топилди. Улар орасида Нарпай тумани Чорбоғ маҳалласида яшовчи 108 ёшли Шарофат Бобоева ҳам бор.
Ёшлиги оғир даврларга тўғри келган Шарофат момо Равшан Бобоев билан турмуш қуриб, 7 нафар фарзандни вояга етказди, уларни уйли-жойли қилди. Бугун юзга яқин невара-чевараларининг ардоғида қутлуғ ёшда ҳаёт кечирмоқда.
Нарпай тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Раҳмонов Шарофат момонинг хонидонига бориб, онахонга эсдалик нишонини тантанали опширди.
Пиру бадавлат нуроний онахон дуога қўл очиб, юртимизга тинчлик, халқимизга омонлик тилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА