Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
108 ёшли момо овоз берди
11:00 / 2023-07-09

Бугун кўпчилик ватандошларимиз қатори Наманган шаҳрининг Яккасада маҳалласи аҳолиси ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, 26-сонли умумтаълим мактаби биносида жойлашган 26-сайлов участкаси айни кезда сайловчиларнинг уюшқоқлиги кўзга ташланмоқда. Шу маҳалланинг “Фарғона” кўчаси 3-уйда истиқомат қилувчи Хелчахон ая Жалилова бу йил 108 ёшни қарши олди.  

Икки асрни кўрган момо 60 йилдан ортиқ вақт давомида қишлоқ жамоа хўжалигида ипак қурти боқиб, ўн бир фарзандни эл корига ярайдиган, муносиб фарзанд қилиб вояга етказган. Иккинчи жаҳон урушининг суронли йилларида фронт ортида катта матонат кўрсатган.  

Момо Президент фармони билан 2022 йилда “Шуҳрат” медали билан мукофотланган. Меҳрибонлиги, меҳнатсеварлиги, маслаҳатгўйлиги билан катта ҳурмат қозонган момо ҳозирда элликдан ортиқ невара, юзга яқин эвара ва чевараларининг ардоғида умргузаронлик қилмоқда.  

Хелчахон ая Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ўзи танлаган номзод учун овоз берди. Бунинг учун 26-участка сайлов комиссияси аъзолари, “Нуроний” жамғармаси Наманган шаҳар бўлими раиси Анваржон Насриддинов, маҳалла фаоллари кўчма қути билан ёши улуғ сайловчи яшовчи хонадонга ташриф буюрди.  

Дарҳақиқат, 108 ёшида ҳам эртанги кун тақдири, Ватан тараққиёти учун дахлдорлик ҳиссини туйиб, фуқаролик ҳуқуқидан оқилона фойдаланаётган Хелчахон момо Жалилова сингари нуронийлар нафақат хонадонларимиз, балки эл-юртимиз файзи, дуогўйларимиз саналади. Зеро, табаррукларнинг сайлов жараёнидаги фаоллиги барчага намуна бўлмоқда.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА