Наманган шаҳрининг Яккасада маҳалласи, “Фарғона” кўчаси 3-уйда яшовчи Халчахон ая Жалоловани катта-ю кичик ҳурмат, эҳтиром билан эъзозлайди. Икки асрни кўрган бу момо 40 йилдан ортиқ давр мобайнида Наманган туманидаги “Ғайрат” қишлоқ жамоа хўжалигида ипак қурти боқиб, ўн бир фарзандни эл корига ярайдиган, муносиб фарзанд қилиб вояга етказган. Иккинчи жаҳон урушининг суронли йилларида фронт ортида катта матонат кўрсатган.
Меҳрибонлиги, меҳнатсеварлиги, маслаҳатгўйлиги билан катта ҳурмат қозонган.
Ҳозирги кунда элликдан ортиқ невара, юзга яқин эвара ва чевараларининг ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Маҳалладошлари, маҳалла оқсоқоли ҳамда оила ва хотин-қизлар фаоллари ёш авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топтириш борасида момодан қимматли ўгитлар олиб туради.

Халчахон ая Ватанимиз истиқлолининг ўттиз бир йиллиги арафасида “Шуҳрат” медалига муносиб, деб топилди. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги вилоят ва шаҳар сектор раҳбарлари ушбу файзли хонадонда бўлиб, пиру бадавлат момога юртбошимизнинг табригини етказди. Аяга давлат мукофоти гувоҳномаси ва медали тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, табаррук онахонга байрам совғалари ҳам тақдим қилинди.
– Одам ҳалол меҳнат орқасидан асло кам бўлмайди, эл олдида қадр топади, - дейди Халчахон ая Жалолова. - Ҳеч кимга ёлғон гапирмадим, алдамадим. Аслида, инсон умрининг маъно-мазмуни шунда, деб биламан. Ҳалолликда, шукроналикда ҳикмат кўп.
Халчахон ая Жалолова элимизга фаровонлик, юртимизда осудалик барқарор бўлишини сўраб дуога қўл очди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА