Термиз туманидаги Наврўз маҳалласида иккита мактаб ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари, замонавий кўп қаватли уй-жой, савдо, маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, аквапарк ва меҳмонхоналардан иборат “Термиз экошаҳар” лойиҳаси қурилишига тамал тоши қўйилди.
Жорий йилда Сурхондарё вилоятида ҳудудларнинг шаҳарсозлик қиёфасини замонавийлаштириб, аҳолини зарур инфратузилмаларга эга қулай, сифатли турар-жой билан таъминлаш учун қатор йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Янги йилнинг илк ҳафталарида қурилиши бошланган йирик лойиҳанинг дастлабки босқичида 26 гектар майдонда 4 мингдан ортиқ турар-жой, шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтасини қуриш мўлжалланмоқда.

Бунёдкорлик ишлари бошланишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, лойиҳа доирасида барпо этиладиган турар-жой ва бошқа иншоотларнинг жойлашуви, шунингдек, биринчи босқичда қурилиши режалаштирилган объектлар тақдимоти билан танишди. Мутасаддиларга тасдиқланган лойиҳаларни сифатли ва белгиланган муддатда амалга ошириш, барча муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини тўлиқ таъминлаш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берди.


Замонавий муҳандислик-коммуникация тармоқларига эга бўладиган экошаҳар 106 гектар майдонда қад ростлайди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири