Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан бир гуруҳ 100 ёшдан ошган юртдошларимиз “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Улар орасида Бухоро вилояти Ромитан тумани Юқори Чандир қишлоғида яшовчи Бибихол ая Абдуллаева ҳам бор.
У кишини айём арафасида қутлаш учун вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, давлат ва жамоат ташкилотлари Челонғу маҳалласидаги хонадонига борди.
[gallery-19045]
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бибихол аяни Президент номидан табриклади. Унинг кўксига “Шуҳрат” медалини тақди ва байрам совғаларини топширди.
Бибихол ая туманда биринчилардан бўлиб пилла етиштириш ҳадисини олган. Ҳудуддаги хўжаликларни ташкил этиш жараёнида фаол қатнашган, қишлоқни ободонлаштириш, янги ерларни ўзлаштиришда жонбозлик кўрсатган. Умумий меҳнат стажи эса 40 йилдан ошиқ.
Онахон турмуш ўртоғи раҳматли Нарзилло Тиллоев билан 6 қиз, 6 ўғилни вояга етказган. Ҳозир 56 набира, 128 эвара ва чевара ва 4 нафар эваранинг ардоғида, маҳалла-кўйнинг эъзозу эҳтиромида умргузаронлик қилмоқда.
Шу куни аянинг хонадонидан меҳмонлар аримади. Хонадонда катта байрам шодиёнаси бўлиб ўтди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари