Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
105 ёшли Бибигул момо Холиярова: “Президентимиз менинг ёшимдан ҳам кўпроқ умр кўрсинлар”
18:07 / 2022-08-31

Президентимиз фармони билан мустақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган юз ёшдан ошган пиру-бадавлат отахон ва онахонлар сафида Ангор тумани Каттақум маҳалласида яшаётган Бибигул момо Холиярова ҳам бор.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов жорий йилда 105 ёшга тўлган Бибигул момо Холиярова хонадонида бўлиб, давлатимиз раҳбари номидан “Шуҳрат” медали ва байрам совғаларини топширди.

Вилоят ҳокими юксак мукофотни топшириб, кейинги йилларда мамлакатмизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар, ёши улуғ нуронийлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича фикр юритди. Онахонга Президентимиз табригини етказди.

Бибигул момо ҳаётининг энг кучга тўлган йилларини оғир меҳнат билан ўтказди. Пахта етиштирди. Пилла парваришлади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида кунни-тунга улаб меҳнат қилди. Очарчиликни кўрди.

–Жуда оғир йиллардан эсон-омон ўтиб, яшаганим учун ҳар тонг шукрона айтаман, – дейди Бибигул момо.– Рўзғор қургач, фронт ортида меҳнат қилиб, уруш ташвишларини бошдан ўтказдим. Бир бўлак нонга зор бўлган йилларда яшадим. Гоҳо топган нонларимизни кўзимизга суртиб, ўзимиз емай, фарзандларимизга берган кунларимиз ҳам кўп бўлган. Нимасини айтасиз? Мана, энди ёшимиз бир жойга бориб қолганида тўқ-тўкин ҳаётни кўряпмиз. Айниқса, кейинги йилларда давлатимизнинг эътибор ва эъзозидамиз. Шу ёшгача меҳнатим бугунгидек тақдирланганини эслолмайман. Қаранг, кутилмаганда давлат мукофотига сазовор бўлдим. Бундай иззат ва эҳтиром учун ҳар кун субҳидамда Президентимиз менинг ёшимдан ҳам кўпроқ умр кўрсинлар, дея дуо қиламан. Ватанимизга тинчлик, тўкинлик, ёшларга бахту-саодат тилайман.

Бибигул момо Холиярова 40 йилдан ортиқ қишлоқ хўжалигида меҳнат қилган. Айни пайтда табаррук онахон икки фарзанди, 21 невара, 80 чевара ва 15 нафар эвара ардоғида осуда, обод турмуш кечирмоқда. Ёш авлодга суронли даврларга тўғри келган болалик, ўспиринлик, ёшлик йиллари, мудҳиш уруш ва ундан кейинги тикланиш йилларида кўрган-кечирганларини ҳикоя қилиб, уларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, қадриятларимизга чексиз ҳурмат рухида тарбиялашга ҳисса қўшмоқда. Бугунги доруломан кунлар қадрига етиб, аъло баҳоларга ўқиш, ҳалол меҳнат қилиш, аҳил ва иноқ, сермазмун ҳаёт кечиришни маслаҳат бериб яшаётганидан ўзини янада тетик ҳис этмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири