Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
105 та хонадонда яшовчи аҳоли илк марта тоза ичимлик суви билан таъминланди
12:02 / 2024-09-03

Мамлакатимизнинг янги ривожланиш босқичида барча соҳалар қатори аҳоли фойдаланадиган ичимлик суви сифатини яхшилаш ва у билан таъминланганлик даражасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

--Айни пайтда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 94 фоизни ташкил этмоқда,--дейди “Бухоро сув таъминоти” АЖ Қоракўл тумани филиали раҳбари Зуфар Аминов.--Жорий йил туманда лойиҳалаштирилган ва қиймати 81 миллиард сўм бўлган 81 километр ичимлик суви тармоқларини тортиш, шунингдек, 2 та сув иншоотини реконструкция қилиш ҳамда янгидан 4 та сув минорасини қуриш ишлари режалаштирилган ва бу юмушлар жадал давом этмоқда.

Туманнинг Қоракўл маҳалласига қарашли “Қуёшли Юрт”, “Дарёбўйи” ҳамда “Ўтиқ Дўрман” аҳоли пунктлари ҳам ҳозиргача тоза ичимлик суви етиб бормаган ҳудудлардан саналиб, бу ерда яшовчиларнинг асосий эҳтиёжи тоза ичимлик суви эди.

Юртимиз бўйлаб мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик шодиёнаси кенг нишонланаётган айни кунларда ушбу қишлоқларда яшовчи тумандошларимиз бу йилги байрамни қўшалоқ тарзда нишонлайдиган бўлди.

Сабаби байрам арафасида ҳар учала аҳоли пунктига 950 миллион сўм маблағ эвазига қарийб 1 километр тоза ичимлик суви тармоғи тортилди. Натижада 105 та хонадонда яшовчи 400 дан ортиқ аҳоли илк марта тоза ичимлик суви билан таъминланди.

--Энди бизда аввалгидек узоқлардан тоза ичимлик суви ташиб келиш машаққати бўлмайди,--дейди маҳалла нуронийси Одил Жўраев.--Мана шундай “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояга асосланган хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири