Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан таълим-тарбия ишлари самарадорлигини ошириш, педагоглар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ва фаол, ташаббускор ўқитувчиларни рағбатлантириш мақсадида Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама учун тест синовлари ўтказилди.
Самарқанд шаҳридаги билимларни баҳолаш марказида ўтказилган тест синовларида вилоятдаги 342 нафар устамага даъвогар педагог иштирок этди.
– Вазир жамғармаси ҳисобидан қўшимча устама жорий қилинганига кўп бўлмаган бўлса-да, тизимда самарадорлик бирмунча ортди, – дейди вилоят педагогларнинг билим ва кўникмасини баҳолаш шуъбаси бошлиғи Латиф Каримов. – Устамага даъвогар ўқитувчиларимизнинг 315 нафари умумтаълим мактаблари ўқитувчилари бўлса, 27 нафари Президент ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари ходимлари ҳисобланади.
Номзодларга қўйилаётган асосий талаб ўз соҳасини пухта ўзлаштириш, ўқувчиларининг олий таълимга қамровини ошириш, фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этишига эришишдан иборат. Жорий йил учун вилоятимизга 105 та ўрин ажратилган. Ушбу босқич, яъни тест синовларидан муваффақиятли ўтган педагоглар иккинчи босқичда таълим сифатини ошириш бўйича ўз тақдимотларини махсус комиссияга тақдим этади. Комиссия хулосасига кўра, энг билимли ва маҳоратли ўқитувчилар бир йил давомида ҳар ойда 6 миллион 352 минг сўмдан қўшимча устамага эга бўлади.
Самарқанд шаҳридаги 29-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Рустам Қувондиқов Вазир жамғармаси ҳисобидан бериладиган устамани икки йилдан бери узлуксиз олмоқда. Чунки унинг уч нафар ўқувчиси асосий фани тарих бўлган нуфузли олий ўқув юртларига энг юқори балл билан ўқишга қабул қилинган. Ушбу мактабни ўтган ўқув йилида битирган битирувчиларидан ўттизга яқини олий таълим муассасалари талабаси бўлди. Жорий йилги синовларга ҳам Рустам Қувондиқов катта тайёгарлик кўриб, учинчи бор Вазир жамғармаси ҳисобидан ойлик устамани олишга ҳаракат қилмоқда.
[gallery-21930]
– Жамғарма ташкил қилиниб, устама ҳақ тўлаш бошланганидан буён қаторасига икки марта ушбу устамани қўлга киритдим,– дейди тарих фани ўқитувчиси Рустам Қувондиқов. – Жорий йил ҳам синовларга пухта ҳозирлик кўрдим. Насиб бўлса, бу гал ҳам устамага эга бўламан. Тарих фанидан миллий сертификатга эга, олий тоифали ўқитувчиман. Ойлик маошим ҳам яхши, устамалар билан янада юқори ҳақ тўланади. Бизда ўқитувчилар юқори иш ҳақига эга бўлиши учун шароит яратилган. Фақат ўз устимизда тинимсиз изланиб, самарали фаолият юритсак кифоя.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари