“103” хизматига мурожаат қилган беморнинг аҳволи енгил бўлса, ўз ҳудуди бўйича оилавий поликлиникаларга йўналтирилади
“Тез ёрдам” хизматига умумий чақириқлар сони ортгани сабабли шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказига пойтахтимизнинг 12 туманида жойлашган марказий поликлиникалардан мутахассислар жалб этилиб, чақириқларни саралаш тизими йўлга қўйилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати маълум қилди.
Унга кўра, эндиликда “103” хизматига мурожаат қилган беморнинг шикоятлари тингланиб, агар унинг аҳволи енгил бўлса, бириктирилган ходимлар чақириқни ўз ҳудуди бўйича оилавий поликлиникаларга йўналтиради. Шундан сўнг мурожаат қилган беморга поликлиниканинг мобиль бригадалари томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатилади. Оғир аҳволдаги беморлар эса “Тез ёрдам” хизмати билан қамраб олинади.
Шунингдек, январь ойида “Тез ёрдам” бригадалари томонидан коронавирус аниқланган ва аҳволи енгил фуқароларга уйда даволанишлари учун вирусга қарши дори-дармонлар бўлган “COVID-box”лар бериш ҳамда касалликка гумон қилинган шахслардан экспресс-тест олиш ҳам йўлга қўйилди.
ЎзА