Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида жорий йил 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида вазирлик, шаҳар ва туман адлия бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан 3477 та мурожаат келиб тушиб, судларга 5 миллиард 897 миллион сўмлик даво ариза киритилган. Қонунчилик ҳужжатларининг тўғри ижро этилиши ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича 960 ташкилотда ўрганиш ва мониторинг ўтказилиб, 103 минг 788 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди.
Шунингдек, муассаса ва ташкилотларга жами 622 тақдимнома киритилиб, ушбу тақдимномаларга асос давлат органларининг 147 қарори бекор қилинди, 245 шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. Тақдимномаларга асос фуқароларга 2 миллиард 506 миллион 849 минг сўм пули қайтарилди, 166 шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Жиноий иш қўзғатиш тўғрисида 4 таклиф тегишли ташкилотларга юборилди, шунингдек тегишли тартибда 1192 огоҳлантириш киритилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 1 та давлат ва 54 та хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатмоқда. Улар томонидан ҳисобот даврида 137 минг 263та нотариал хизмат кўрсатилган. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 78 юридик хизмат ходими лавозимига ҳужжати келиб тушиб, шундан 66 юридик хизмат ходими суҳбатдан ўтиб лавозимга тайинлашга келишув берилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 108 қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, давлат ҳисобига олиниши таъминланди. Ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида 444 ташкилотда 991 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат таҳлил қилинганда, 651 қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Амалдаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича 331 та таклиф берилди.
Вазирлик, шаҳар ва ва туман адлия бўлимлари томонидан 9552 та ҳуқуқий тарғибот тадбири амалга оширилди. Шунингдек, “Адлия сайли”, “Биз биргамиз”, “Street law”, “Бепул маслаҳат билан ҳар бир уйга” лойиҳалари ўтказилди. Уйма-уй юриш орқали “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳат берилди. Жорий йилда бўлиб ўтган Президент сайловлари тарғиботида Адлия вазирлиги ходимлари фаол иштирок этди. Жумладан, участка сайлов комиссиялари аъзолари учун семинар-тренингларни олиб боришга 19 нафар ходими тренер сифатида жалб қилинди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА