Навоий вилояти Қизилтепа туманида истиқомат қилувчи 101 ёшли Ойиста Нутфуллоева мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Онахонга юксак мукофотни вилоят ҳокими Нормат Турсунов топширди.
О.Нутфуллоева 1940 йилдан 1973 йилгача собиқ “Маданият” жамоа хўжалигида меҳнат қилган. Айни пайтда нафақадаги онахон 21 невара, 48 эвара ва 7 чевара ардоғида яшаб келмоқда.

1923 йилда таваллуд топган табаррук онахон ўтган асрнинг энг мураккаб даврларида, Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги қаҳатчилик йилларида меҳнат қилган.

Бугунги кунда онахон маҳалладошлар, ёшлар ва хотин-қизларга катта ва бой ҳаётий тажрибасини ўргатиб келмоқда. У маҳалладаги оилаларнинг тинч-тотувлигини таъминлашга ҳисса қўшиб, ота-оналарга фарзандлар тарбияси юзасидан ўзининг қимматли маслаҳатларини бериб келмоқда.

Тақдирлаш маросимида онахон тинч ва дориломон кунларимизга шукроналик келтириб, дуога қўл очди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири