Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
101 ёш билан юзлашган отахон
16:09 / 2025-08-28

Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ 100 ёшдан ошган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Улар орасида Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи 101 ёшли Ачил бобо Тешаев ҳам бор.

Буржоқ қишлоғида истиқомат қилувчи отахонга мукофотни давлатимиз раҳбари номидан  вилоят ҳокими Ботир Зарипов топширди.  Шунингдек, пул мукофоти ва байрам совғалари ҳам туҳфа қилинди. 

Отахон эътибордан кўнгли яйраб, дуога қўл очар экан, дориламон кунларга етказгани учун Яратганга шукур айтиб, одамларнинг фаровон яшаши йўлида хизмат қилаётган давлатимиз раҳбариятига соғлик-омонлик сўраб, юртга тинчлик, элга хотиржамлик тилади.

Шундан сўнг Ботир Зарипов Ачил бобо билан дилдан суҳбатлашди. Саломатлиги билан қизиқди. Отахон меҳмонларга болалик, ёшлик ва ундан кейинги оғир йиллар ҳақида ўз хотираларини сўзлаб берди. Мустақилликнинг кейинги йилларида кўрсатилаётган эътибор учун давлатимизга чексиз миннатдорлик билдирди.

– Бугунгидек тинч-осойишта, фаровон ҳаёт кўрмаганман. Яратганга шукр, шундай кунларни кўриш насиб этди. Ёшлар учун барча шароит ва имкониятлар бор, тўй устига тўйлар бўлиб турибди. Илоё, юртимиз бундан ҳам фаровон, ёшларимиз бахтли бўлсин, – дейди Ачил бобо.

Ачил бобо Тешаев 1924 йилда туғилган. Меҳнат фаолиятини колхозда оддий ишчиликдан бошлаган отахон колхоз бош ҳисобчиси, кейинчалик Жондор туманидаги “Амир Темур” наслчилик хўжалиги ферма мудири лавозимларида ишлаган.

Ўтган асрнинг энг мураккаб даврларида, иккинчи жаҳон уруши пайтидаги қаҳатчилик йилларида ҳамқишлоқлари билан бирга ғалла, пилла, чорва маҳсулотлари етиштириб, эл-юрт фаровонлиги йўлида меҳнат қилган, фронтга озиқ-овқат, кийим-кечак юборилишида ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатган. 

Ўн уч нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган, эл қаторига қўшган отахон эндиликда 39 невара, 76 эвара ҳамда 6 чеваранинг севимли бобоси.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.