101, 102, 103 ва 104 қисқа рақамларини ягона рақамга бирлаштириш таклифи билдирилди
Мурожаат остида қолдирилган изоҳларда қисқа рақам республика миқёсида ишга туширилиши лозимлиги таъкидланган.
Фавқулодда вазиятли ҳолатларда қўнғироқ қилинадиган ягона қисқа рақам тизимини яратиш таклифи билдирилди. Бу “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилган петицияда келтириб ўтилган.
Инновациялар ва АКТ йўналишидаги мурожаатда қайд этилишича, Тошкент шаҳри аҳолисига қулайликлар яратиш мақсадида “Ақлли шаҳар” (Умный город) концепциясига қўшимча тарзда турли фавқулодда вазиятли ҳолатларда қўнғироқ қилинадиган телефон рақамларини (101, 102, 103, 104) ягона рақамга бирлаштириш лозим.
Қайд этилишича, ўзини йўқотиб қўйиши натижасида рақамларда адашиш ёки тегишли рақамни ёддан чиқариб, бир неча ташкилотларга қўнғироқ қилиши ва вақт йўқотишига сабаб бўлмоқда.
Ягона рақамга қўнғироқни амалга ошириш уч тилда сўзлай оладиган оператор хизматидан фойдаланишни таъминлаб, операторнинг фуқародан авария тафсилотларини аниқ ўрганиши, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда буюртма қабул қилиш жараёнида қўнғироқ қилувчининг жойини тез аниқлаши авария жойигача бўлган қисқа йўналишни танлашини таъминлайди.
Фуқаро билан суҳбатлашгандан сўнг оператор ўт ўчириш хизматига, ёнғинда жабрланувчилар бўлса, тез ёрдам хизматига ўзи қўнғироқни амалга оширади ҳамда ўрганилган маршрут ва қолган маълумотларни тақдим қилади. Шунингдек, оператор ижрочини назорат қилади ва ҳисоботини олиб, мониторингини юритиши ҳам мумкин.
Шу сабабли, Тошкент шаҳар аҳолиси учун фавқулодда вазиятли ҳолатларда қўнғироқ қилинадиган ягона қисқа рақам тизимини яратишни таклиф қилинган.
Мурожаат остида қолдирилган изоҳларда қисқа рақам республика миқёсида ишга туширилиши лозимлиги таъкидланган. Шунингдек ITU стандартларига кўра, фавқулодда ҳолатлар учун ягона қисқа рақам “112” ёки “911” бўлиши кераклиги ҳам қайд этилгин.