1000 тонна сиғимга эга паст ҳароратли совиткич фойдаланишга топширилди
Юртимиз мева сабзавотларининг хорижда харидорлари ортиб, айни йўналишда экспорт салоҳияти ҳам кўпаймоқда.
Юртимиз мева сабзавотларининг хорижда харидорлари ортиб, айни йўналишда экспорт салоҳияти ҳам кўпаймоқда. Маълумотларга қараганда жорий йилда 2,2 миллион тонналик, қиймати 1,55 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи мева-сабзавот экспорти амалга ошириш режалаштирилган. Албатта бунда истеъмолчига меваларни асосий хоссалари бузилмасдан етиб бориши катта аҳамият касб этади. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги паст ҳароратли омборхоналар қурилишига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида “Ўзбекистонда паст ҳароратли омборхоналарни жорий қилиш орқали қишлоқ хўжалигини қўллаб қувватлаш” лойиҳаси доирасида Корея Республикаси ҳукуматининг 3.5 млн. долларлик грант маблағлари ҳисобидан сиғими 1000 тонна бўлган мажмуа қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур омборхона Корея Республикасининг “KRC” Community Corporation, “DONG IL Engineering Consultants Co. Ltd.”, “DAEYANG Co. Ltd.”, “TSTI” Co. Ltd.”,“AJIN Co. Ltd.” ва “JH Co. Ltd.” компаниялари томонидан амалга оширилган.

Мажмуанинг очилиш маросимида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи Рустам Мамажонов, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чже Квон, “KRС” Community Corporation президенти Ан Сонг Су, “Агроинновация” Давлат унитар корхонаси раҳбари Шавкат Саломовлар сўзга чиқиб, лойиҳанинг аҳамиятли жиҳатларига тўхталиб ўтишди.

- Паст ҳароратли омборхона қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш, мева-сабзавот маҳсулотларини сифатли сақлашда муҳим омил бўлади, - дейди “Агроинновация” ДУК раҳбари Шавкат Саломов. - Тошкент вилоятида боғдорчиликка алоҳида эътибор қаратилади. Бу омборхонанинг қурилишини ҳудуд аҳолиси ҳам катта хурсандчилик билан қарши олишди. Чунки эндиликда улар етиштираётган мева ва сабзавотларнинг сақлаш муддати бир неча баробарга ошди. Оддий шароитда уч кун сақланадиган мевалар бу ерда ойлаб сақланиши мумкин. Албатта, ушбу омборхонани барқарор фаолиятини таъминловчи мутахассислар масаласи ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Бунда кореялик ҳамкорлар кўмагида ходимлар малакаси ҳам мунтазам ошириб борилади.

Маросимда сўзга чиққан кореялик мутахассисларнинг таъкидлашича, ўзбек мевалари Жанубий Кореяда анча харидоргир. Паст ҳароратли омборхона энг сўнгги жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, меваларнинг асл холича сақланишида қўл келади.

Тадбирда мажмуа қурилишида фаол иштирок этганларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.