Фарғонада севган қизи ўртасидаги муносабатни бузган аёлни ўлдириш мақсадида минг доллар эвазига ёлланма қотилни жиноятга етаклаган йигит қамалди. Бу ҳақида жиноят ишлари бўйича Фурқат тумани суди раиси Оловиддин Ҳасанов ЎзАга маълум қилди.
Данғара туманилик Жамшид Жамолиддинов 24 ёшда, ҳали ҳаётнинг оқу қорасини яхши танимаган. Оила қуриб, бахтли ҳаёт кечириш ўрнига енгил елпи умр йўлини танлади. У ўтган йил февраль ойида Қўқон шаҳрилик Шоира исмли қиз билан танишиб, анча вақт гаплашиб юрди. Бу вақт оралиғида қиз Туркияга ишлагани кетади. Қаттиқ боғланиб қолган Жамшид унинг ортидан бу давлатга ҳам борди, севган қизи билан кўришиб, ишлай бошлади. Шу орада Туркияга Жамшиднинг таниши бўлган Моҳира исмли аёл ҳам ишлагани боради. У карантин сабабли иш тополмай қийин аҳволда қолган. Бу орада Моҳира турли гап–сўзлар билан йигит ва қиз орасига совуқчилик туширади. Натижада Шоира йигити билан муносабатни узади. Декабрь ойида Жамшид билан Моҳира Ўзбекисонга қайтади. Бу ерда ҳам турли гаплар бўлар, бу эса йигитнинг жаҳлини чиқарарди. У севгилиси билан муносабатини бузган аёлдан қасд олишни дилига тугади.
Ж.Жамолиддинов Моҳирани ўлдириш мақсадида ёлланма қотил топиш учун таниши Мурод билан маслаҳатлашган. Бу орада режа тегишли идораларга маълум қилинади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан “Ботир” тахаллусли шахс ёлланма қотил сифатида тадбирга жалб этилади. Жамшид ёлланма қотилга аёлни ўлдириш учун 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳақ беришни ваъда қилган. 100 АҚШ доллари ва 50 минг сўм миқдорида пулларни бериб, ёлланма қотилга аёлнинг манзили, телефон рақами ҳамда шахсига оид бошқа маълумотларни беради. Уни ўлдирганидан сўнг ваъда қилинган пул маблағини тўлиқ беришни ва телеграмм ижтимоий тармоғи орқали ўзаро гаплашиб туришни айтган. 2021 йил 30 январь куни тезкор тадбирда ёлланма қотил Моҳира билан кўришади. Унга нисбатан режалаштирилган қотиллик жинояти аёлнинг ўлдирилган ҳолати саҳналаштирилиб, ҳолат телефон аппаратида фотосуратга олинган. Телеграм орқали буюртма бажарилганини маълум қилиб, қолган пул маблағларини олиб келишни сўраган. Жамшид ёлланма қотилга Моҳирани ўлдиргани эвазига 1000 АҚШ долларини берган вақтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланди.
Олиб борилган тезкор тадбирлар жараёнида ёлланма қотил сифатида тадбирга жалб қилинган “Ботир” тахаллусли шахсдан Ж.Жамолиддинов берган 100 АҚШ доллари ва 50 минг сўм пул маблағи ҳамда 1000 АҚШ доллари тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ашёвий далил тариқасида олинган. Жиноят ишлари бўйича Фурқат тумани суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, судланувчига нисбатан тегишли жазо тайинланди.
М. Сулаймонов, ЎзА