Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
100 ёшли мактаб тарихи...
18:52 / 2021-06-16

Яқинда "Сано-стандарт" нашриётида "Илк мактаб тарихи" номли ажойиб китоб босмадан чиқди. Ушбу китобда ўлкамизнинг қадим шаҳарларимиздан бири Нурота шаҳрида жойлашган машҳур 1-намуна мактаби юз йиллик тарихининг энг муҳим, ўзига хос жиҳатлари, доврўғли кадрларининг жўшқин, мазмунли ҳаёти ва устозларнинг қайноқ педагогик фаолияти қаламга олинган.

Шу билан бирга, Нуротанинг сўнгги юз йиллик тарихида ўчмас ном қолдирган шахсларнинг ҳаёт йўллари ҳужжатлар асосида ҳикоя қилинган.  

Китоб архив ҳужжатлари ва ўлкашунос олимларнинг материалларига суяниб, узоқ йиллар олиб борилган изланишлар асосида тайёрланган бўлиб, педагоглар, ёш тадқиқотчилар ва ўқувчилар оммасига мўлжалланган.  

Нурота туманидаги «1-намуна» мактаби Ўзбекистон таълим тизими тарихида ёрқин из қолдирган даргоҳ ҳисобланади. 2021 йилда мактаб ташкил этилганига 100 йил тўлади. Бу тарихий сана нафақат Навоий вилояти мактаблари, балки юртимиз маорифи ҳаётининг унутилмас шонли воқеаларини ёдимизга туширади, хусусан ўқув даргоҳида сабоқ берган ва таҳсил олганлар учун қимматли манба бўлиб хизмат қилади.  

Муҳими шуки, мактаб ўқитувчиларининг кўпчилиги Давлат мукофоти ва унвонларига сазовор бўлишган: Ҳадя Юсупова, Раҳматулла Мансуров, Очил Наврўзов, Турсунқул Эргашев, Усмон Нурмуродов, Сангимо Ҳамроева, Маҳкам Ҳолмедов, Хосият Ҳайитова «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи», Хотамбой Муродов, Рустам Аҳмедов «Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, Маҳмуд Юсупов, Ҳамдам Эшонқулов, Нуриддин Калонов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», Аҳмад Отабоев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист», Холиқул Худойқулов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи»; Раҳмонқул Насимов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор» Облоқул Хўжақулов, Эгам Хўжақулов, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвонига сазовор бўлган эдилар.  

Шунингдек, мактаб битирувчиларидан академик Мубинжон Баротов, йигирмадан зиёд фан докторлари, икки генерал, ўнлаб давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиққани таҳсинга лойиқ ҳодиса, дейишга арзийди. Чиндан ҳам халқ тилида «НурДУ» деб ҳурматланадиган 1-сон мактаб тарихи халқ маорифимиз тизимида ёрқин из қолдирган.  

Китоб тили равон, пишиқ, қизиқ фактлар ва далилларга бой.  

Яқинда 98 ёшида вафот этган, Ўзбекистонда 1960-1980 йилларда маориф вазирининг муовинларидан бири Насриддин Раҳмонов ҳам шу мактабнинг ардоқли ўқувчиси бўлган эди.  

Мактабнинг асосчиси билимли, халқпарвар, ишбилармон Ҳожи Болта Қозоқов таниқли давлат арбоби Файзулло Хўжаев, машҳур адиб Садриддин Айнийларнинг яқин дўсти, маслакдоши бўлган. Жадидлар ҳаракатига қўшилиб, илғор ва демократик ғояларни тарғиб қилишда фаол қатнашган. Савдогар ниқоби остида иш олиб бориб, инқилобий руҳдаги газеталарни Нуротага келтирган. 1921 йил январда иш бошлаган мактаб дастлабки савод чиқариш мактаби эди.  

Маълумотларга қараганда, ушбу мактаб собиқ Бухоро халқ республикасида дастлаб очилган янги замон мактабларининг ўн еттинчиси бўлиб, араб алифбоси ёрдамида ёзув-чизув ва ҳисоб-китоб билимлари ўргатилган эди.  

Муаллифлар Рустам Аҳмедов, Бахтиёр Омонов, Қаҳҳор Раҳмонов, Абдурасул Эргашевнинг узоқ йиллик машаққатли изланишларга таяниб, бир асрлик тарих йилномасини яратишган.  

Муаллифлардан бири, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Рустам Аҳмедов қарийб 40 йил давомида 1-намуна мактаби вориси бўлган 2-мактабда ўлкашунослик тўгарагини бошқариб, икки мингдан зиёд керакли маълумотларни тўплаган.  

Биз маориф соҳасининг илғор вакиллари, устоз мураббийлар ва ёш авлод номидан Нуротадаги 1-намуна мактабининг бир асрлик тўйи билан чин қалбимиздан табриклаймиз. Ушбу тарих китоби республикамиз халқ таълими педагог кадрлари учун бир нурли мактабнинг бой тажрибасини ўрганишда услубий қўлланма вазифасини ўтайди.  

ЎзА