Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси томонидан пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги 329-умумий ўрта таълим мактабида “Биз келажак учун жавобгармиз!” шиори остида “100 минг дарахт акцияси” бўлиб ўтди.
Акцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси вакиллари, партиянинг Тошкент шаҳар ва туман партия ташкилотлари вакиллари, “Ёшлар қаноти” фаоллари, шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, халқимиз тафаккурида атроф-муҳитга бўлган эътиборни ошириш, фуқароларнинг экологик ва эстетик маданиятини юксалтириш, ёшларни она табиат ва унинг неъматларига меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига кенг жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, узлуксиз экологик таълим тизимига кўмаклашишда бу каби тадбирларнинг аҳамияти катта.
Шунингдек, табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар доим давлат ва жамият ҳаёти учун ўта муҳим масалалардан биридир. Экологик муаммолар жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган бугунги шароитда мазкур масала янада долзарб аҳамият касб этади.
Мазкур экологик акциянинг биринчи кунида 2 минг тупдан зиёд 20 хилдаги манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Бу каби акциялар Ўзбекистон Экологик партиясининг туман ва шаҳар партия ташкилотлари ташаббуси билан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказиб келинмоқда.
Зеро, халқимизда азалдан “Яхшидан боғ қолади” деган нақл бежиз айтилмаган.
Ўзбекистон Экологик партияси ҳам аҳолининг ҳозирги ва келгуси авлоди қулай атроф табиий муҳит шароитида яшаши, саломатлигини яхшилаши, табиий ресурсларнинг барча мажмуини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳуқуқларини сўзсиз таъминлашга қаратилган янги иш жараёнларини янада чуқурлаштиришда жамиятнинг бор куч ва салоҳиятини сафарбар қилишга интилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА