Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида “Олмалиқ КМК” АЖда “Аёлларни эъзозлаш ойлиги” доирасида “100 матонатли аёл” ижтимоий лойиҳаси ташкил этилди.
Тадбирда сўз олган “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раисининг ходимлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Саъди Шерматов аёлларни Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан комбинат раҳбарияти номидан муборакбод этиб, ўзининг самимий тилакларини билдирди.


Ушбу хайрли ташаббус доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ҳамда кўп болали 100 нафар хотин-қизга комбинат раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор кўрсатилди. Уларнинг матонати эътироф этилган ҳолда, кундалик рўзғор учун зарур бўлган замонавий маиший техника воситалари байрам совғаси сифатида тантанали равишда топширилди.


“Металлург” маданият саройи ижодкорлари томонидан ташкил этилган концерт дастури барча аёлларни рақсга чорлади. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган аёллар Президентимиз томонидан хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эҳтиром ҳамда комбинат раҳбариятининг доимий қўллаб-қувватлови учун ўз миннатдорчиликларини билдирди.
Муҳими, бунақа ташаббуслар комбинат жамоасида меҳр-оқибат ва ижтимоий ҳамжиҳатлик муҳитини яна-да мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.


А. Мусаев, ЎзА