Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
100 граммли олтин қуймалар сотувга чиқарилди
12:03 / 2025-01-17

Бугун Марказий банк 5, 10, 20, 50 граммли ўлчовли олтин қуймаларга қўшимча равишда оғирлиги 100 грамм бўлган олтиндан тайёрланган ўлчовли қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқарди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Бу орқали аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини янада ошириш ҳамда қимматбаҳо металлар муомаласини кенгайтириш мақсад қилинган. Қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотув учун тақдим этилиши айтилди. Олтин қуймаларнинг қадоғи сертификат вазифасини бажариб, ўз серия рақамига эга бўлади. Олтин қуймаларнинг сотиш нархлари ҳар куни Марказий банкнинг расмий веб-сайтида миллий валютада эълон қилиб борилади. Қадоқлари бут олтин қуймалар сотув шохобчаларида қуйма эгасига тўловни амалга ошириш орқали қайтариб сотиб олинади.  

Шунингдек, қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган олтин қуймаларни қайтариб сотиб олиш уларни техник экспертизадан ўтказиш орқали амалга оширилади ва экспертиза ўтказилгандан сўнг тўлов тўлаб берилади. Бундан ташқари, қадоғи бут ҳолатдаги олтин қуймаларни Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.  

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари қолдиғи 2024 йил давомида 6,6 млрд. долларга (19,1 фоизга) ўсиб, йил якунида қарийб 41,2 млрд. долларга етди.  

Ш.Маматуропова, ЎзА