French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
100 га яқин халқаро рейтинг ва индекслардан 24 таси Ўзбекистон учун устуворлиги белгилаб олинган
21:55 / 2022-06-11

Жорий йилнинг 10 июнь куни Молия вазирлигида ташкил этилган семинар-тренинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 майдаги “Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда илмий салоҳият ҳамда амалий фаолият уйғунлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва ижросига бағишланди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Марказий банк, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Инвестициялар ва ташқи савдо, Транспорт, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Инновацион ривожланиш вазирликлари ҳамда улар таркибидаги илмий ва олий таълим муассасалари мутахассислари иштирок этди.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов, Молия вазирлиги Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш департаменти директори ўринбосари Икромжон Насруллаев ва бошқалар ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашдек эгзу ишлар билан боғлиқлиги, республиканинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга кенг йўл очиб беришини қайд этди.

Шундан келиб чиқиб, тадбирда давлат хизматчиларининг халқаро рейтинг ва индекслар бўйича билим ҳамда малакаларини шакллантириш, шунингдек, олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг илмий салоҳиятини давлат дастурларига таклифлар ишлаб чиқишга жалб этиш, бу борадаги илмий фаолият учун илмий грантлар ажратиш механизмларини такомиллаштириш борасида тушунчалар беришга эътибор қаратилди.

– Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш тизимига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда, – деди Молия вазирлиги Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш департаменти директори ўринбосари Икромжон Насруллаев. – Бу борада Президент фармон ва қарорлари қабул қилинган. Мазкур тизим билан ишлаш механизми яхши йўлга қўйилган ва меъёрий- ҳуқуқий асослар яратилган. Шуни таъкидлаш керакки, дунё мамлакатлари аҳолисининг ҳаётий муҳим масалалари, ҳусусан, ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги муаммолари, ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар йили 100 га яқин халқаро рейтинг агентликларининг даврий ҳисоботлари асосида баҳолаб борилади.  Давлатимиз раҳбарининг  2020 йил 2 июндаги фармони билан 100 га яқин халқаро рейтинг ва индекслардан 24 таси Ўзбекистон Республикаси учун устувор, деб белгилаб олинган. Шу сабабли,  халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда илмий салоҳият ҳамда амалий фаолият уйғунлигини таъминлаш ҳам айни куннинг долзарб вазифаларидан.

Тадбирда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда илмий салоҳият ҳамда амалий фаолият уйғунлигини таъминлаш чора-тадбирлари хусусида батафсил сўз юритилиб, ушбу жараёнда реал натижага эришишда негатив ҳолатлар салбий таъсир кўрсатиши ва бир қатор ёндашувлар эса амалий самаралар беришини мисоллар тариқасида асослаб берилди.

Тадбир якунида вазирлик ва идораларнинг ушбу қарор ижроси юзасидан режа-лойиҳаларининг дастлабки муҳокамаси ўтказилди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА