Бугунги кунда юртимиздан 3 миллиондан ортиқ фуқаро хорижга ўқиш ва меҳнат қилиш мақсадида кетган. Хусусан, 1,2 миллион фуқаро Россия Федерацияси ҳудудида бўлиб, уларнинг 50 мингдан ортиғи талаба ҳисобланади. қозоғистонда 300 минг, Туркияда 70 минг мигрант мавжуд.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси эшитувида маълум қилинди. Унда Ташқи ишлар ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётгани тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Ушбу масала юзасидан дастлаб Ташқи ишлар вазири ўринбосари Э.Ҳамроев ахборот берди:
— Бугунги кунда 37 та хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикасининг 36 та дипломатик ваколатхоналари ва 16 та консуллик муассасалари фаолият олиб бормоқда, — Э.Ҳамроев. — Хусусан, мазкур соҳада фуқароларнинг мурожаатлари бўйича 197 минг 380 та консуллик хизматлари, хориждаги юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан 78 минг 815 та консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги ваколатхоналар томонидан 18 минг 738 та хорижга чиқиш биометрик паспортлари ва хорижда ҳужжатсиз қолиб кетган фуқаролар учун 28 минг 944 та Ватанга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштирилган. Қолаверса, 1 минг 103 та фуқаролик ҳуқуқига оид суд ва тергов топшириқларининг ижроси таъминланиб, 35 минг 673 та расмий ҳужжатлар легаллаштирилган ва апостиль қилинган.
Шу билан бирга, 39 минг 354 та виза талабномаларига асосан чет эл фуқароларига Ўзбекистонга кириш визалари расмийлаштирилган бўлса, 673 нафар ёшларга 98 минг 531 АҚШ доллар миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган. 14 мингга яқин сайёр қабуллар ташкил этилиб, дипломатик ваколатхоналар томонидан 996 та ташрифлар уюштирилган ҳолда, 52 минг 555 нафар меҳнат мигрантлари ва талабалардан иш жойлари ва олий таълим муассасаларига бориб хабар олинган. Хориждаги фуқароларга консуллик хизматларини кўрсатишда енгиллик яратиш ва уларнинг вақт ҳамда транспорт харажатларини қисқартириш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда умумий кўрсатиладиган 32 турдаги консуллик хизматларининг 16 таси тўлиқ рақамлаштирилган.
Йиғилишда шунингдек, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи А.Ирматовнинг ахбороти ҳам тингланди. Қайд этилганидек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида жами 110 минг 991 та мурожаат келган. Қарийб 82 мингга яқини хорижга кетиш масаласидаги мурожаатлардир.
Эшитув давомида депутатлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари борасида ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар борлиги қайд этилди. Хусусан, хорижга ишлаш учун кетган фуқароларнинг касбий малакасини ошириш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, бу ишлар ҳали талаб даражасида эмаслиги, шу боис фуқароларнинг чет тилларини билиш ва касбий малака даражасини оширишга эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, мурожаатларни ҳал қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА