10 ойда 1 миллион 161 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди
Фарғона вилоятида Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 130 турдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Фарғона вилоятида Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 130 турдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Илгарилари ҳужжат ишлари билан боғлиқ юмушларимизга алоҳида вақт ажратиш зарур бўлган. Югур-югурлар ва ортиқча қоғозбозликлардан сўнг маълум бир ишингиз ўз ниҳоясига етарди. Ҳеч кимга сир эмаски, тадбиркорлик фаолиятида ҳам мана шундай тўсиқлар мавжуд эди. Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 12 декабрда “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, жорий йилнинг 15 февралида эса “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида” қарори қабул қилинди. Мана икки йилдирки, бу тизим нақадар тўғри йўлга қўйилганлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Бугун тезкор ва қулай хизматлар деярли ҳар бир оилага кириб борди. Инсонлар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланишида инсон омилининг деярли йўқлиги унинг шаффофлигини таъминламоқда.
– Ўтган йилда фуқароларга 398 минг 742 та давлат хизматлари амалга оширилган бўлса, ушбу кўрсатгич жорий йилда 3,4 баробарга ошди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Раъно Бойқўзиева. – Яъни, жорий йил 10 ойида 1 миллион 161 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Хусусан, 24 минг 298 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Шундан 6 минг 846 таси юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.
Маълумки, инвестицион жозибадорликни таъминлаш, хорижлик ҳамкорларни вилоятга жалб этиш ва уларга етарли шароитларни яратиш ишлаб чиқариш кўламини кўпайтириш ва иқтисодий имкониятларни кенгайишига замин яратади. Айни кунларда Фарғона вилоятида Хитой, Россия, Жанубий Корея, Туркия, АҚШ, Япония каби 266 та хорижий давлат қўшма корхоналари рўйхатдан ўтган. Янада аниқроқ айтганда, Хитой давлатидан 56 та, АҚШ дан 13 та, Корея давлатидан 12 та, Россия Федерациясидан 10 та, Германиядан 5 та, Ҳиндистондан 8 та қўшма корхона вилоятда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Уларга ўз вақтида қулай ва замонавий давлат хизматлари кўрсатилди. Масалан, айни кунларда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Capital-yar”, “Still max textile”, “Zeynura tekstil”, “Qoʻshtepa ipak gilamlari”, “Fer antep karpets” каби 20 та Ўзбекистон-Туркия қўшма корхоналари вилоятда барқарор фаолият олиб бормоқда.
Шуниси қувонарлики, Жаҳон банкининг “Doing business” йиллик ҳисоботида Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлатлари ичида 8-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон тарихида биринчи марта Топ-10 таликка кирди. Бу эса, барча туман ва шаҳарда давлат хизматлари марказлари талаблар даражасида хизмат кўрсатаётганлигидан далолат беради.

Туман ва шаҳарлардаги давлат хизматлари марказларига энг кўп мурожаатлар тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича келиб тушмоқда. Яратилган қулайликлардан яна бири, марказ ходимлари олис ва чекка ҳудудларда бўлиб, мунтазам равишда фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этиш мақсадида сайёр (мобиль) хизмат кўрсатяпти. Ўтган ўн ой давомида вилоятдаги мавжуд давлат хизматлари марказлари томонидан чекка ва олис ҳудудлар, аҳоли гавжум бўлган жойларда январ-октябр ойлари давомида 58 минг 481 та сайёр хизматлар кўрсатилди, сайёр тартибда 1 минг 574 тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилди. Ана шундай хизматлардан кўплаб аҳоли фойдаланаётир.
Инсон қаерда ва қай шароитда яшамасин, ўзига қулайлик яратишга ҳаракат қилиши табиий ҳолат. Давлат хизматлари иш фаолиятининг асосини ҳам аҳолига қулай шароит яратиш мақсади ташкил этади. Бугун ундан ҳатто олис қишлоқ одамлари ҳам манфаатдор бўлмоқда. Улар учун яратилган шарт-шароит ва имконият шаҳарникидан асло қолишмайди. Қисқа вақт мобайнида Сўх, Риштон, Бувайда туманлари, Фарғона, Қувасой, Марғилон, Қўқон шаҳарларида Давлат хизматлари марказларининг замонавий бинолари қурилиб фойдаланишга топширилди. Бағдод, Олтиариқ, Қўштепа, Учкўприк, Ёзёвон, Тошлоқ ва Фарғона туманларида қурилиш ва ре
конструкция ишлари ўз якунига етказилиш арафасида. Юртдошларимизга замонавий жиҳозланган бинолардаги дид билан тартибга келтирилган хизмат ойналари, электрон навбат, кутиш зали, фарзанди билан келган фуқароларга она ва бола хонаси, тиббий кўмакка муҳтож одамлар учун тиббий ёрдам хонаси, кўрсатилган хизматлар тўловини амалга ошириш учун банк кассалари мавжуд. Интернетдан фойдаланиш учун бепул WiFi, замонавий кафетерия ҳам ташриф буюрувчилар ихтиёрида бўлади. Биноларда ташкил этилаётган кичик кутубхоналар эса навбат кутиб турган фуқароларнинг вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда.
Бугун давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди, десак адашмаймиз. Халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди.