Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
10 ноябрь – Кўчиб юрувчи ҳайвонлар куни
11:32 / 2023-11-10

Табиатни, ҳайвонот оламини асраш – инсоният олдидаги муҳим вазифа

Табиат чегара билмайди. Айниқса, кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар турлари учун сиёсий чегаралар бегона. Шу боис ҳам уларни асраб-авайлаш, бу турдаги ҳайвонларнинг омон қолиши, биологик хилма-хилликни сақлашда халқаро ҳамкорлик ва трансчегаравий саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамиятга эга.    

Шу ўринда қайд этиш керакки, 1979 йилда Германиянинг Бонн шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенцияси имзоланган ва 1983 йилда кучга кирган. Мазкур Конвенцияга 133 давлат аъзо.  

Жумладан, Ўзбекистон ҳам Конвенцияга 1998 йилда қўшилган.  БМТнинг ушбу Конвенцияси кўчиб юрувчи ҳайвонлар ўтадиган давлатларни, полигон штатларини бирлаштиради ва бутун миграция зонасида халқаро миқёсда келишилган табиатни муҳофаза қилиш чоралари учун ҳуқуқий асос яратади.  2013 йилдан бошлаб Ўзбекистонда Кўчиб юрувчи ҳайвонлар кунини нишонлаш анъанага айланди. 

Ҳайвонот оламининг турли вакиллари вақти-вақти билан фақат тур сифатида яшаб қолиш учун хавфли ва силлани қуритадиган саёҳатга чиқади. Бу жараёнда уларнинг омон қолиши, хавфсизлиги халқаро ҳамкорликни, жипсликдаги саъй-ҳаракатларни тақозо этади. Шу боис ҳам ушбу санани нишонлаш орқали жамоатчилик ва олимлар одамзод яратган турли тўсиқларга учраб, ҳалок бўлаётган кўчиб юрувчи ҳайвонлар муаммосига эътиборни қаратишни истайди.    

Жорий йил 31 майда қабул қилинган “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарорида ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси ижросини таъминлаш мақсади ҳам ўз аксини топган. Бундан ташқари, Самарқандда Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенция (CMS COP14) иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилишини ўтказиш кўзда тутилган.    

Мазкур қарорда ушбу сана муносабати билан масъул вазирлик ва идоралар, олий таълим ва илмий муассасалар иштирокида конференциялар, давра суҳбатлари ва учрашувлар, тадбирлар ташкил этиш ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш вазифалари белгиланган.  Экологик муаммоларни юмшатиш, биологик хилма-хилликни сақлашда бу каби тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Табиатни, ҳайвонот оламини асраш инсоният олдидаги вазифа эканлигини унутмаслик лозим.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА