Бугун, 14 март куни Иордания пойтахти Амман шаҳрида давом ўтаётган бокс бўйича қитъа чемпионатининг сўнгги финал жангларида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 2004-2005 йилларда таваллуд топган 10 нафар аъзоси олтин медал учун курашга киришади.
Қитъа чемпионатининг финал баҳслари Тошкент вақти билан 16:00 дан кейин бошланади.
Кеча, 13 март куни 2006-2007 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилган муросасиз баҳслар якунига кўра, мамлакатимизнинг 6 нафар ўсмир боксчилари Осиё чемпионига айланди.
Қитъанинг 21 мамлакатидан 360 нафарга яқин чарм қўлқоп усталари қатнашаётган мусобақада Ўзбекистон шарафини 25 нафар ўсмир ва 24 нафар ёш боксчилар ҳимоя қилмоқда.
Ўсмир қизлар ўртасида бир кун аввал ўтказилган жангларда 5 нафар спортчимиз қитъа чемпионлигини қўлга киритганди. Қизлар ортидан ўғил болалар ҳам ўзбек бокс мактабининг салоҳиятини намойиш қилди.
Дастлаб, 48 килограммда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Илҳомжон Эргашев ҳиндистонлик рақибига имкон қолдирмаган ҳолда қитъа чемпионатининг олтин медалини қўлга киритиши қолганларга ҳам руҳ бағишлади.
Шу тариқа, 50 кг.да Самандар Олимов, 70 кг.да Жаъфарбек Шахбозов, 75 кг.да Темурбек Абдуваҳобов, 80 кг.да Раҳмонжон Қодиров ҳамда +80 кг.да Озодбек Алиев қитъа чемпиони мақомига кўтарилиб, улар шарафига Ўзбекистон мадҳияси янгради.

Кечаги учрашувлар якунида шунингдек, иқтидорли боксчиларимиз Ҳожиакбар Қудратов, Суннатилла Ўктамалиев, Мироншоҳ Норқосимов, Фаррух Тўлаганов ва Мирзакамрон Юнусов кумуш медалларга эга чиқишди.
Бугун Амманда ўтадиган финал жангларида маҳоратли ёш боксчиларимиз Бахтиёр Асадов, Хўжаназар Нортожиев, Абдували Бўрибоев, Жавоҳир Умматалиев, Алишер Аюбов, Абдулазиз Абдураҳмонов, Раҳматилло Бойматов, Фазлиддин Эркинбоев, Жамолиддин Қозоқов ва Айназар Кенесбаев ўз вазнларида қитъа чемпионлиги учун рингга кўтарилади.
Эслатиб ўтамиз, ёшлар ўртасидаги баҳсларда ярим финал остонасигача мағлубиятсиз одимлаган Миралижон Мавлонов ва Суҳроб Аминов бронза медаллар билан кифояланди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА