Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан Наманган вилоятида ер участкаларини савдога чиқариш жараёнлари ҳамда бу борада ваколатли ташкилотларнинг фаолияти ўрганилиб, бир қатор қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.
Унга кўра, камчиликларга йўл қўйган 5 нафар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими, 2 нафар электр таъминоти корхоналари, 2 нафар газ таъминоти корхоналари ва 1 нафар санитария хизмати мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бизнес-омбудсман маълумотига кўра, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали реализация қилиниши белгиланган. Ер участкаларини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион савдоларига ўз вақтида чиқарилиши тадбиркорларни ер майдонлари билан боғлиқ муаммоларини тезкорлик билан ҳал этилишига хизмат қилади.
Бироқ айрим ваколатли ташкилотлар томонидан ер участкаларини келишиш билан боғлиқ ҳаракатларни ўз муддатларида бажарилмаганлиги ҳамда тегишли ҳужжатлар электрон ахборот тизимига белгиланган вақтда киритилмаганлиги сабабли ер участкаларини савдога чиқаришда кечикиш ҳолатлари юзага келмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА