2025 йилнинг январдан бошлаб ноябригача Ўзбекистонда чиқиндиларни белгиланмаган ва ноқонуний жойларга ташлаш билан боғлиқ 9817 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган.
Бу ҳолатлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг онлайн кузатув камераларини ўрнатиш ва доимий кузатувлар олиб бориш ишчи гуруҳи томонидан республика бўйлаб ўрнатилган IP-камералари орқали аниқланган.
Ушбу маълумотни вазирлик ахборот хизмати тасдиқлади.
Қайд этилишича, ҳуқуқбузарликлар 3714 та ҳолатда транспорт воситалари ҳамда 6103 та ҳолатда фуқаролар томонидан содир этилган. Мазкур ҳуқуқбузарликлар 2232 та ҳолатда тегишли тартибда жазога тортилган бўлиб, яна 7585 та ҳолат чора кўриш бўйича жараёнда турибди.
Энг кўп ҳуқуқбузарликлар Андижон (3001), Наманган (2937) ҳамда Фарғона (1645) вилоятларида содир этилган. Шунингдек, Самарқанд вилоятида 981 та ҳолат, Тошкент вилоятида 434 та, Сурхондарё вилоятида 250 та, Сирдарё вилоятида 144 та ҳолат аниқланган.
Тошкент шаҳрида эса 121 та ҳолат аниқланган. Бундан ташқари, Хоразм вилояти — 117 та, Навоий вилояти — 99 та, Қашқадарё вилояти — 70 та, Жиззах вилоятида 16 та ҳолат аниқланган бўлса, Бухоро вилоятида 2 та ҳолатда чиқиндилар белгиланмаган ва ноқонуний жойларга ташланган.
Содир этилган ҳуқуқбузарликлар бўйича жарима тайинланган ҳолатлар эса 2232 тани ташкил этиб, бу бўйича умумий сумма 956 миллион 887 минг сўмни ташкил қилади.
М.Эшмирзаева, ЎзА