Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
10 мингга яқин талаба қатнашган танлов ғолиблари аниқланди
10:30 / 2022-06-26

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Йилнинг энг фаол талабалар театр студияси” республика танловининг 2022 йилги финал босқичи бўлиб ўтди.

Жорий йилда ушбу танловда барча давлат олий таълим муассасалари (105 та талабалар театр студиялари) фаол иштирок этди. Танловнинг факультет босқичида 105 та олийгоҳнинг 300 дан ортиқ жамоаларида 9 минг нафар, ҳудудий босқичида 105 та жамоадаги 3 минг 150 нафар, минтақавий босқичида жами 17 та жамоадаги 510 нафар иқтидорли талаба фаол иштирок этди.

Танловнинг финал босқичида 10 та театр студиясининг жами 300 нафар талабаси фаол иштирок этиб, улар томонидан тайёрланган саҳна асарлари маҳорат билан ижро қилинди.

Танлов иштирокчиларини қутлаш  мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига борди.
Даставвал, вазир институтда талабалар учун яратилган шароитлар, хусусан, сузиш ҳавзаси ва ахборот-ресурс маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Сўнгра олий таълим муассасаларининг театр жамоалари томонидан намойиш этилаётган саҳна асарини томоша қилди.

- Олий таълимда ҳам, барча соҳалар каби ислоҳотларнинг бошида Президентимиз турибди, - деди вазир А.Тошқулов. - Агар вазирга, ректорга йўл очиб бермаганида бундай ислоҳотлар қачон бўлган?! Бор имкониятлардан унумли фойдаланиш ёшларнинг бурчидир.

Ниҳоят танловнинг энг ҳаяжонли дақиқалари – ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилиш бошланди. Финал босқичидаги фаол иштирок учун Андижон давлат университетининг “Ҳумо” талабалар театр студияси жамоаси тақдирланди. “Йилнинг энг фаол талабалар театр студияси бадиий раҳбари” номинацияси эса Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали “Мажидий издошлари” театр жамоаси раҳбари Шомурод Мустафаевга насиб этди.

Тадбир давомида олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги “Энг яхши плакат”, “Мен диний экстремизм ва терроризмни қандай тушунаман?”, “Ўзбекистонлик эканлигимдан фахрланаман”, “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзуларидаги “Энг яхши мақола”, “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзусида ўтказилган “Энг яхши иншо” танловлари ғолиблари 1-ўрин учун 3 млн. 500 минг, 2-ўрин учун 2 млн. 500 минг ва 3-ўрин учун 1 млн. 500 минг сўм миқдорида пул мукофотлари, махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, “Йилнинг энг фаол талабалар театр студияси – 2022” республика финал босқичининг “Энг яхши эркак роли учун” номинацияси бўйича Наманган давлат университети “Ниҳол” жамоаси аъзоси Даврон Ҳамидов ҳамда “Энг яхши аёл роли учун” Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиали “Замондош” жамоаси аъзоси Сабина Турдиева  ҳам эътироф этилди.

“Йилнинг энг фаол талабалар театр студияси – 2022” республика финал босқичи 1-ўрин соҳиблари Чирчиқ давлат педагогика университетининг “Меҳр” ва Фарғона политехника институтининг “Қир гули” талабалар театр студиялари деб топилди. 

2-ўрин соҳиблари Тошкент тиббиёт академиясининг “Дармон” ҳамда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг “Настарин” талабалар театр студиялари бўлди. 
3-ўринга  Бухоро давлат университетининг “Бухорий” ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти “Ниҳол” жамоалари муносиб топилди.

   Н Усмонова, ЎзА