Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
10 мингга яқин мактабда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитилмоқда
16:40 / 2022-11-01

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жумладан, умумий ўрта таълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан юборилган Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Халқ таълими вазири Б.Саидовнинг жавобини кўриб чиқдилар.

Парламент сўровига юборилган жавобда қайд этилганидек, ҳозирги кунда вазирлик тизимида жами 10 минг 104 та мактаб фаолият кўрсатмоқда. Шундан 9 минг 969 та мактабда 10-11-синфлар мавжуд бўлиб, уларда 808 минг 427 нафар ўқувчига чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитиляпти. Ушбу фан ўқитиладиган мактаблар сони 9 минг 969 тани ташкил этиб, уларда 9 минг 800 нафар ўқитувчи таълим бермоқда.  

Жорий йилги давлат дастурининг 263-бандида ҳам ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тадбирларини янада кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Мазкур банд ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан Мудофаа вазирлигига тақдим этиш учун умумтаълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тегишли таклифлар ҳудудлар кесимида шакллантирилди.  

Шунингдек, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани узвийлигини таъминлаган ҳолда миллий ўқув дастури мажмуасини тайёрлашнинг мақсад ва вазифалари белгиланди. Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамкорлигида 20 нафар чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани бўйича мутахассис ва олимлардан иборат эксперт гуруҳлари ташкил этилди. Улар кўмагида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитиш концепцияси ҳамда ўқув дастури лойиҳаси тайёрланди.  

«Миллий ўқув дастури» асосида Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани дарсликлари, ўқув методик қўлланмалари электрон ўқув мажмуаларини ишлаб чиқиш, фаннинг ўқитилишида мавзулар кесимида замонавий педагогик технологияларнинг электрон базаси яратилди. Шу билан бирга, 2023-2024-ўқув йилига умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синфлари учун Миллий ўқув дастури асосида 7 номдаги дарслик ҳамда ўқув-методик қўлланмалар ҳудудий бошқармалардан олинган буюртмалар асосида нашрга тайёрланиши ва чоп этилиши режалаштирилган.  

Парламент сўровига жавобда келтирилганидек, Мудофаа ва Халқ таълими вазирликларининг 2021 йил 10 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ, умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари билан ҳарбий дала-ўқув майдонида бир кунлик амалий машғулот ўтиш бўйича намунавий режаси, умумтаълим мактабларида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари, шон-шараф ва жасорат дарсларини ташкил этиш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.  

Ҳозирги кунда мактаб ўқувчилари учун «Ватанпарварлик» дарсларини ва полигонларда ҳарбий дала машғулотлари ўтказиб келинмоқда. Қолаверса, чавандозлар мактабларига жалб қилиниб, уларга маҳоратли офицерлар иштирокида кўргазмали машғулотлар олиб борилмоқда.  

Мажлисда депутатлар парламент сўровига юборилган жавобни атрофлича муҳокама қилиб, уни маълумот учун қабул қилдилар. 

 

М.Комилова, ЎзА