Жорий йилнинг 12 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда айнан ушбу йўналиш бўйича қатор вазифалар белгиланди.
“Ўзагролизинг” АЖ бошқарув раиси Нодир Отажонов мазкур йиғилишда эътибор қаратилган масалалар юзасидан қуйидагиларни гапириб берди:
– Таъкидлаш керакки, қишлоқ хўжалиги соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий бўғинларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, кейинги йилларда бу тизимни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилиш ҳам бу борада жадал олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давомидир. Албатта, қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва энг замонавий техникалар билан таъминлаш бугуннинг устувор вазифаси ҳисобланади.
Айни кун талабларидан келиб чиқиб, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиб, пахта ҳосилдорлигини 50 центнер, ғалла ҳосилдорлигини 100 центнерга етказиш режа қилинмоқда.
24 йилдирки, “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти Ўзбекистон лизинг бозорида етакчи ўринларни эгаллаб, юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг бошқа вакилларига энг замонавий техникаларни етказиб бериш олдимизда турган устувор вазифадир. Муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда айни шу масалаларга эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалигида сафарбар қилинмаган янги захираларни ишга солиш, харажатларни пасайтириб, шу орқали деҳқонлар даромадини кўпайтириш, ерларимиз унумдорлиги, ҳосилдорликни ошириш бўйича барча соҳаларда аниқ вазифалар белгилаб берилди. Механизация, операторларни ўқитиш масалаларига эътибор қаратилди.
“Ўзагролизинг” акциядорлик жамиятига жорий йил қишлоқ хўжалигига 10 мингдан ортиқ замонавий энергия тежамкор қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш вазифаси юклатилди. Ҳозирга қадар ҳудудлар кесимида бу техникаларнинг эгаларини аниқлаштириб, ҳисоб-китоб қилиб олдик.
Йиғилишда жамиятимиз зиммасига қатор вазифаларни юклаш билан бирга, олдин мавжуд бўлмаган янги молиявий манбалар ажратилиши кўзда тутилди. Хусусан, 100 миллион доллар миқдорида 10 йилга кредит ажратилмоқда. Бунда бир йиллик имтиёзли давр ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, Жаҳон банкидан 40 миллион доллар, Япониянинг Халқаро ҳамкорлик ташкилотидан ҳам 40 миллион доллар маблағ жалб қилиняпти. Бу маблағлар 10 йилга берилади ва уч йиллик имтиёзли даври ҳам бўлади. Яна бир муҳим жиҳати шуки, ажратилаётган маблағлар навбат билан ишлатилади. Мазкур маблағлар ўзлаштирилгандан сўнг кейинги кредит линияларини очишга имконият яратилади. Бунда 10 минг дона техника билан чекланмай, талаб бўлса, бундан ҳам кўпини етказиб бериш ҳам режалаштирилмоқда.
Техникаларни лизингга олиш бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 3 кундан ошмайди. Мурожаат қилувчилар эгалигидаги ер майдони, оладиган ҳосили, даромади ва банкдаги айланма маблағлари ҳақида маълумотларни ҳамда бизнес-режаларини топширади. Ҳужжатлар тезкорлик билан кўриб чиқилиб, техникалар қисқа муддатда етказиб берилади. Оғир техникаларга 10 йилгача, кичикроқ техникаларга эса 3-5 йилгача лизинг қилиб берилади.
2024 йилда “Ўзагролизинг” АЖ хорижий молия бозоридан узоқ муддатли, паст фоизли маблағларни жалб қилиш ҳисобига деҳқон, фермерларга узоқ муддатли, нисбатан арзон нархларда қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб беришни асосий вазифа сифатида ўз олдига мақсад қилган.
Олдин ички манбалардан маблағ жалб қилишда муаммолар бўлар эди. Сўнгги уч йилда компания молия тизими халқаро стандартларга мослаштирилиб, ташқи манбалардан ҳам маблағ ола бошладик. Хориждан экспертлар жалб қилинди. Жаҳон банки ва Япония Халқаро ҳамкорлик ташкилотининг экспертлари текширувида фаолиятимиз таҳлили ижобий баҳоланди.
Уларнинг хулосаси натижасида янги кредит линияларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдик. Бу эса бизнинг имкониятларимизни оширди.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда ташкилотимизнинг ҳудудий филиаллари фаолият кўрсатмоқда ва боғланиш учун телефон рақамлар ишлаб турибди. Деҳқон ҳамда фермерлар ўз саволлари билан бирга, таклифларини ҳам билдириши мумкин. Ходимларимиз техникаларнинг афзалликларини тушунтирган ҳолда зарур тавсияларини беради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА