Бугунги кунда Фарғона вилоятида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали ва мевали дарахтлар, буталарни экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Ҳудудларда кўчатликда ўзига хос мактаб яратган маҳаллалар жуда кўп. Бу минглаб оилаларнинг даромад манбаига айланган. Вилоят аҳолисининг даромадини ошириш ҳамда кўкаламзорлаштириш дастури ишлаб чиқилиб, маҳаллаларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бўш турган ҳудудларда терак қаламчаларини экиш ишларига киришилди. 520 та маҳаллада яшил майдонлар ташкил этилмоқда.
Таҳлилларга қараганда, йилига ўртача 10 миллион дона қаламчадан терак кўчатлари етиштирилганда бир йилдан сўнг 20 миллиард, уч йилдан сўнг эса 100 миллиард сўм даромад олиш мумкин. Асосийси, кўчат ва ёғоч материаллари сотилишидан аҳолининг аниқ молиявий манбаси шаклланади.

Фарғона тумани “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғинида “Терак ва бошқа тез ўсувчи ёғочбоп дарахтларни барпо этайлик!” шиори остида вилоят кўргазмали семинари бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алибек Турсунов, шаҳар-туман ҳокимликлари масъуллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, тажрибали мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 3 гектар майдонга маҳалла фаоллари иштирокида терак қаламчалари экилди. Ҳудудлардаги бўш ер майдонларида экилаётган терак навниҳоллари маҳаллалар учун эътиборга молик. Улар мунтазам маҳалла фаолларининг қаровида бўлади. Келгусида эса тераклардан олинадиган даромад ҳудудлардаги кам таъминланган оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга сарфланади. Қолаверса, ушбу эзгу саъй-ҳаракат орқали атроф-муҳитни яшилликка бурканишига ҳам салмоқли ҳисса қўшилади.

Вилоятда 136 та маҳалла терак кўчатларини етиштиришга ихтисослаштирилиши режалаштирилган бўлиб, олинган даромаддан фуқароларнинг оилавий турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган оилаларга кўмак бериш, орттирилган маблағ эвазига маҳаллада қўшимча муҳим тадбирларни йўлга қўйиш, ободончилик ишларини олиб бориш мақсад қилинган.
М.Сулаймонов, ЎзА