Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида халқаро инвестициявий ҳамкорликка оид янги йўналиш юзасидан муҳим учрашув бўлиб ўтди. Туман ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев Хитойлик тадбиркор Ли Шян Чин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Меҳмонлар Гулистон ҳудудида манзарали дарахтлар ва саримсоқпиёз етиштиришга ихтисослашган йирик қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш таклифини илгари сурдилар.
Учрашувда 200 гектар майдонда Хитойдан олиб келинадиган кўчатлар асосида кўчатчилик плантациясини ташкил этиш, уларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотлар кўринишида экспорт қилиш режалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ғалладан бўшаган ерларда саримсоқпиёз етиштириш лойиҳаси ҳам таклиф этилди.

Лойиҳаларни амалга ошириш учун 10 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниши кўзда тутилган. Бу нафақат туман иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатиши, балки агро соҳада замонавий технологияларни жорий этиш орқали ҳосилдорликни оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Туман ҳокими томонидан лойиҳалар ижобий баҳоланиб, амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Жумладан, ер участкаларини аукцион орқали харид қилиш ва фермерлар билан шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш тартиблари тушунтирилди.

Учрашув якунида томонлар лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишиб олдилар. Шунингдек, делегация туман ҳудудидаги суғориладиган ер майдонларини кўздан кечирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири