10 миллион 650 минг сўм тўлов тўлиқ истеъмолчига қайтарилди
“Оилавий бюджет“ нима учун жамғарилади?
“Оилавий бюджет“ нима учун жамғарилади? Албатта, оила вакилларининг ўз орзу-ҳавасига эришиши, рўзғор учун зарурий буюмлар ва маиший техникалар харид қилиш, хуллас яхши ниятлар учун. “Оилавий бюджет“ дан харид қилинадиган ҳар бир буюмни оила аъзолари билан маслаҳат қилиш лозим. Йўқса, ушбу масала сизга “қимматга тушиши“, яъни сизни икки ўт орасида қолдириши мумкин.
Бухоро вилояти Олот тумани “Хидрейли” МФЙ да истиқомат қилувчи Д.Каримов Қоракўл туманида жойлашган “777“ мебеллар дўконидан умумий қиймати 10 миллион 650 минг сўмга тенг мебель ва гиламлар харид қилиш жараёнида муаммо вужудга келишини хаёлига хам келтирмаган эди. Истеъмолчи янги буюмларни уйига олиб келгач, оила аъзолари “хариддан“ унчалик қувонишмади. Сабаби, тадбиркор мебель ва гиламларни анча қиммат нархда сотгани маълум бўлди. “Қандай сотиб олган бўлсанг, шундай қайтариб бер!“ дейишди Д.Каримовнинг оила аъзолари. Эртасига хариддан арз қилган истеъмолчига тадбиркор томонидан турли важлар келтирилиб, мебель ва гиламлар қайтариб олинмади.
На оила аъзоларига, на тадбиркорга тушунтира олмаган истеъмолчи нажот истаб Олот тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шикоят билан мурожаат қилди. Бир неча кун таъбини хира қилаётган ҳолат соҳа мутахассислари томонидан қисқа фурсатда ўрганилди ва ижобий ҳал этилди. Жамият томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида истеъмолчи Д.Каримовга 10 миллион 650 минг сўм тўлов тўлиқ қайтарилди.