1903 йил 10 майда Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ғафур Ғулом таваллуд топди (вафоти 1966 йил).
1909 йил 10 майда актёр ва кинорежиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Йўлдош Аъзамов таваллуд топди (вафоти 1985 йил). У режиссёр сифатида 1958 йилда “Мафтунингман”, 1969 йилда “Ўтган кунлар”, 1973 йилда “Меҳробдан чаён” (“Зулматни тарк этиб…”) каби фильмларни яратди.
1920 йил 10 майда математик олим ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Саъди Сирожиддинов таваллуд топди (вафоти 1988 йил). Ўрта Осиё мутафаккирларининг илмий меросини ўрганишда, Ўрта Осиё, айниқса, Ўзбекистон учун юқори малакали математик мутахассислар тайёрлашда Саъди Сирожиддиновнинг хизматлари катта. У вафотидан сўнг, 2002 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
1937 йил 10 майда кинооператор, режиссёр Ҳотам Файзиев дунёга келди. У “Сен етим эмассан”, “Тошкент нон шаҳри”, “Ўтган кунлар”, “Чимилдиқ” каби фильмларга операторлик қилди. У 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
1992 йил 10 майда Ўзбекистон Республикаси Эрон Ислом Республикаси ҳамда Покистон Ислом Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.
2018 йил 10 майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил 10 майда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
ЎзА