Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
10 май куни Тошкент давлат техника университетида “Инсон хотираси қалбларда мангу” мавзусида анжуман бўлиб ўтди
15:02 / 2022-05-10

Биламизки Ўзбекистонда 9 - майни Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонлаш анъанага айланган. Шу муносабат билан, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида 9 май “Хотира ва қадрлаш” куни “Инсон хотираси қалбларда мангу” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Мазкур маросимда университет раҳбарияти, фахрий ветеранлар, университетга бириктирилган “Тўйтепа” МФЙ раиси ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.

— Ушбу байрамона кунда шафқатсиз уруш майдонларидан қайтмаган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳ покларига ҳурмат бажо келтирамиз ва жангда мардлик, жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-омон юрган фахрийларимизга таъзим қиламиз, ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз, — дейди университетнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Ёдгорбек Хожиболаев. — Бу даҳшатли уруш, бутун инсоният қатори, бизнинг халқимизга ҳам мислсиз кулфат ва йўқотишлар олиб келган.

Таъкидлаш жоизки, бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли уруш бўлганини ҳеч ким унутмайди.

Афсуски, ушбу бешафқат урушда 1,5 миллиондан ортиқ ҳамюртларимизнинг ярим миллиондан ортиғи қурбон бўлган.

Аммо, ўша маъшум йилларда шароит оғир бўлишига қарамай, уйда қолган хотин-қизлар, кексалар ва болалар қишлоқ хўжалиги, завод ҳамда фабрикаларда кечаю кундуз меҳнат қилиб, ўзлари емай-ичмай, ҳатто киймай барча топганини фронтга юборган.

Бундан ташқари, мамлакатимиз уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан юртимизга кўчирилган 1 миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, ҳаттоки охирги бир бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрган. Бу бугунги авлод учун намуна бўлгулик қаҳрамонлик ва жасоратнинг ёрқин ифодаси десак муболаға бўлмайди.

Тадбир сўнгида эса ташриф буюрган мехмонларга ҳамда тадбирни ташкиллаштиришда фаол иштирок этган талаба-ёшларга университетнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилиб, келган мехмонларга миннатдорлик билдирилди.

ЎзА