Бельгия Қироллиги Европа ғарбида, Шимолий денгиз соҳилида жойлашган. Маъмурий жиҳатдан 3 минтақага, минтақалар вилоят (провинция)ларга, вилоятлар коммуналарга бўлинган. Пойтахти - Брюссель шаҳри. Расмий тиллари – голланд, француз ва немис тиллари.
Конституциявий монархия ҳисобланган Бельгиянинг амалдаги конституцияси 1831 йил қабул қилинган, ҳозиргача бир неча бор (охирги марта 1993 йил) тузатиш киритилган. Давлат бошлиғи – Қирол, унинг ҳокимияти чекланган. Қонун чиқарувчи ҳокимият қирол ва парламент. Икки палатали парламент 4 йил муддатга сайланади. Вакиллар палатаси 150 депутатдан, сенат 72 аъзодан иборат. Ижро ҳокимияти Қирол ва қирол томонидан тайинланадиган, парламентга ҳисобот берадиган Бош вазир раҳбарлигидаги ҳукумат (Вазирлар Кенгаши)дан иборат.
1988 йилдан маориф соҳаси Бельгия федерацияси субъектлари бўлмиш Жамоалар ихтиёрига ўтказилган. 18 ёшгача таълим мажбурий ва бепул. Давлат ва муниципал мактабларидан ташқари кўпгина католик ва хусусий дунёвий мактаблар ҳам бор.
Олий ўқув юртларида ўқиш пулли. Энг йирик университетлар Антверпен, Брюссель, Льеж, Гентда жойлашган. Бир неча университет маркази, институтлар, олий техника мактаби ишлайди. Илмий муассасалари – Металлургия тадқиқоти миллий маркази, Ядро тадқиқоти маркази, Қироллик обсерваторияси, 7 академия, жумладан Бельгия қироллиги фан, адабиёт ва саньат академияси фаолият юритади. Брюсселда Миллий кутубхона мавжуд. Барча йирик университетлар кутубхоналари, Антверпен ва Брюсселда қироллик нафис санъат музейи бор.
Бельгия ОАВ ҳақида гап кетганда, француз, нидерланд, немис тилларида икки ярим миллион нусхада 100 га яқин кундалик газета ва кўплаб ихтисослашган молиявий-иқтисодий нашрларни эътироф этиш мумкин. 1888 йил 7 июлда илк сони нашр этилган “Сўнгги хабарлар” (Het Laatste Nieuws) голланд тилидаги кундалик газета бугунги кунда ҳам энг кўп ададли даврий нашр ҳисобланади.
“Антверпен газетаси” (1891), “Лимбург манфаати”(1897), “Хайрли оқшом” (1922), “Брюссель газетаси” (1984), “Монато” (1980), сиёсат, маданият, фан ва замонавий ҳаётга оид эсперанто тилидаги халқаро журнал ва кўплаб электрон нашрлар ҳам мавжуд.
Радио эшиттиришлари ва телевидение кўрсатувлари француз, нидерланд тилларида ишлайди.
1920 йил 20 августда ташкил топган Бельгия ахборот агентлиги – “Белга” дастлаб фақат француз тилида, кейинчалик голланд тилида ҳам янгилик тарқата бошлаган. 1948 йилдан бошлаб Бельгиянинг кўплаб газеталари агентлик билан ҳамкорлик йўлга қўйди. 1970 йил таҳририят голланд ва француз тилидаги бўлимларга бўлинди. “Белга” газета, журнал, радио ва телевидение, веб-сайт ва компанияларни фотосурат, ҳисобот билан таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Бельгия Қироллиги билан 1992 йил 10 март куни дипломатия муносабатини ўрнатган.