Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида 2026-2027 йилларда ажратиладиган маблағларнинг камида 10 фоизигача қисми 15 мартга қадар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан тасдиқланадиган алоҳида дастур асосида кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудига дарахт ва буталар экиш ҳамда уларни суғориш тизими билан таъминлаш учун йўналтирилади.
Кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудидаги барча дарахт ва буталар бошқарувчилар томонидан хатловдан ўтказилиб, маълумотлар "Менинг уйим" ахборот биллинг тизимида акс эттириб борилади.
Кўп квартирали уйлардаги марказлашган ичимлик суви истеъмолчиларига дарахт ва буталарни суғориш ишларини ҳисоблагичлар ўрнатган ҳолда сутканинг ҳар қандай вақтида амалга оширишга рухсат берилади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари бошқарувчилар билан биргаликда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган дарахт ва буталарнинг сақланиши ва бутлигига масъул ҳисобланади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб:
а) Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларда умумий йиғилиш ўтказишни ташаббус қилиш, ўтказиш ва қарор қабул қилиш, шартномаларни тузиш, бошқарувчилар томонидан ҳисоботларни тақдим қилиш, мурожаатларни қабул қилиш ва уларни кўриб чиқиш фақат "Менинг уйим" АБТда амалга оширилади, 2027 йилдан бошлаб мазкур тартиб республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади;
б) мажбурий тўловлар ва кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни ижарага ва фойдаланишга беришдан тушадиган тўловлар ҳисоби фақат "Менинг уйим" АБТ орқали юритилади;
в) мажбурий тўловлар фақатгина банк карталари, электрон тўлов тизимлари ёки банк кассалари орқали амалга оширилади;
г) мажбурий тўловлар ҳамда умумий мол-мулкни ижарага бериш ва фойдаланиш ҳисобига келиб тушган маблағларнинг алоҳида ҳисобини юритиш учун ҳар бир кўп квартирали уйга (жой мулкдорлари номига) банк ҳисоб рақами очилади;
д) фойдаланишга топширилган кўп квартирали уйлар - 2026 йил 1 июлга қадар бошқарувчиларнинг мурожаатига асосан, келгусида фойдаланишга топшириладиган уйлар фойдаланишга қабул қилинган санадан бошлаб бир ой ичида қурувчи ташкилотнинг мурожаатига асосан ҳисобга қўйилади, солиқ тўловчининг идентификация рақами берилади ва банк ҳисоб рақами очилади;
ж) умумий йиғилишда бошқарувчини танлаш тўғрисида қарорда кўп квартирали уйнинг банк ҳисоб рақамини ҳам бошқарувга бериш назарда тутилади, мулкдорларнинг умумий йиғилиши қарорига асосан кўп квартирали уйни бошқариш шартномасини бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечилганда ҳисоб рақамни бошқариш ҳам тўхтатилади;
з) кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини, туташ ер участкаларини сақлашга, улардан фойдаланишга, таъмирлашга ва бошқа кўп квартирали уйга доир ишларнинг йиллик режаси ва молиялаштириш бўйича сметаси ойлар кесимида аниқ ишлар ва маблағлари кўрсатилган ҳолда умумий йиғилиш қарори билан тасдиқланади, ушбу масаладаги умумий йиғилиш қарори лойиҳаси ҳар йили январь ойида "Менинг уйим" АБТда шакллантирилади;
и) умумий йиғилишда бошқариш усули тўғрисида қарор қабул қилинмаган ва бошқарувчи белгиланмаган, бошқарувчи билан тузилган шартнома бекор қилинган ёки тўхтатиб турилган ҳолларда кўп квартирали уйлардаги мулкдорлар мажбурий тўловларни банк ҳисоб рақамига умумий йиғилиш қарори билан белгиланган миқдорларда, бундай қарор қабул қилинмаган тақдирда эса қонунчиликда белгиланган минимал тариф бўйича тўлаб бориши шарт;
к) умумий мол-мулкни ижарага беришдан тушумлар, мобил алоқа учун антенналар ўрнатиш, реклама жойлаштириш ва бошқа шу каби умумий мол-мулкни ижарага бериш ва фойдаланиш ҳисобига олинадиган даромадлар кўп квартирали уйнинг банк ҳисоб рақамига мажбурий тартибда йўналтирилади ва мулкдорларнинг даромади ҳисобланади;
л) кўп квартирали уйнинг банк ҳисоб рақамидаги маблағлар сметага мувофиқ ҳар ойда, биринчи навбатда, кўп квартирали уйнинг электр энергияси харажатлари учун йўналтирилади, мулкдор кўп квартирали уйнинг банк ҳисоб рақамига ҳар ойнинг 15-санасигача мажбурий тўловларни амалга оширмаса, унинг қарздорлиги бартараф этилмагунга қадар электр энергияси учун тўловлари қабул қилинмайди;
м) мулкдор кўп квартирали уйнинг банк ҳисоб рақамига ҳар ойнинг 15-санасига қадар мажбурий тўловларни амалга оширмаса, ҳар бир кечиктирилган кун учун "Менинг уйим" АБТда кечиктирилган тўлов суммасига нисбатан юридик шахслар учун 0,4 фоиз, жисмоний шахслар учун 0,1 фоиз миқдорида, бирок, ҳар ой учун кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня ҳисобланади, бунда ҳисобланган пеня бўйича тўловлар тенг улушларда кўп квартирали уйнинг банк ҳисоб рақамига ҳам кўп квартирали уйнинг банк ҳисоб рақамидаги маблағлардан фақат йиллик иш режа ва сметага мувофиқ жорий ойда ҳар бир турдаги харажатлар учун назарда тутилган маблағларнинг чекланган суммаси доирасида фойдаланади (электр энергияси ва аварияни бартараф этиш учун харажатлар бундан мустасно), бунда қўшимча харажатлар учун маблағлар умумий йиғилиш қарори асосида ажратилади;
о) авария ҳолатларини тезкор бартараф қилиш учун бир кўп квартирали уйнинг маблағлари бошқарувчининг бошқарувида бўлган бошқа кўп квартирали уйга "Менинг уйим" АБТ орқали мулкдорларга ҳисобот бериш шарти билан сарфланиши мумкин;
п) бошқарувчи ҳар чорак якуни билан амалга оширилган ишлар, банк ҳисоб рақамидаги даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни "Менинг уйим" АБТда шакллантириб боради;
р) кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни ижарага бериш "Е-аукцион" электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади ва барча маблағлар (аукцион харажатлари бундан мустасно) тегишли кўп квартирали уйнинг банк ҳисоб рақамига йўналтирилади.
ЎзА