Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йиллари халқнинг ўзлигини, унинг маънавий меросини, қадриятларини ва давлатчилик анъаналарини қайта тиклаш, мустаҳкамлаш даври бўлди. 1992 йил 10 декабрда "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонуни қабул қилингани ҳам айнан шундай жараённинг мантиқий давомидир. Бу сана нафақат давлат рамзининг тасдиқланиши, балки бутун халқнинг ўзига хос руҳий уйғониши, мустақил давлат рамзларининг тўлиқ шаклланишида муҳим босқич бўлиб хизмат қилди.
1991–1992 йиллар Ўзбекистон учун тарихий синовлар даври бўлди. Мустақил давлат сифатида халқаро майдонга чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, янги конституциявий тузумни шакллантириш, давлат бошқарувини қайта қуриш жараёнлари кечаётган бир пайтда рамзлар масаласи алоҳида ўрин эгаллади.
Давлат мадҳиялари кўп ҳолларда бутун миллатнинг руҳий портрети, унинг идеалларини ифодаловчи бадиий-мусиқий тимсол вазифасини бажаради. Ўзбекистон мадҳияси ҳам бундан мустасно эмас.
Мадҳиядаги мазмун аввало ўзбек халқининг кўп асрлик тарихига ишора қилади. Бу тарих қадимий цивилизациялар, буюк маданият ва илм-фан ютуқлари, шонли давлатчилик анъаналари билан узвий боғлиқ.
Барча миллий рамзлар сингари, мадҳиямиз ҳам ёш авлодни Ватанга садоқат, унинг тараққиётига ҳисса қўшиш, бирлик ва тинчликни қадрлаш руҳида тарбиялайди.
Мадҳияда ифода этилган ғоялар Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш йўналишларига ҳамоҳанг ҳолда дунёга очиқлик, ёшларга имкон бериш, тараққиётга интилиш ва халқаро майдондаги фаол позиция билан ифодаланган.
Давлат мадҳияси нафақат сиёсий ёки маънавий рамз, балки жамиятни руҳий жиҳатдан бирлаштирувчи кучли воситадир. У юксалиш ва ғалаба дақиқаларида, спорт ареналари, халқаро майдонлар, таълим муассасаларида, тантанали маросимларда жаранглаб, халқни бир мақсад сари чорлайди.
10 декабрь — Ўзбекистон давлат мадҳияси қабул қилинган кун миллий ўзлик ва мустақилликнинг энг ёрқин белгиларидан бирини эслатади. Бу сана бизга рамзларимизни ҳурмат қилиш, ундаги маъно ва ғояларни англаш масъулиятини эслатади.
Миллий мадҳиямиз нафақат мусиқий асар, балки миллатнинг руҳий тимсоли, келажак сари дадил қадам ташлашга ундовчи куч. У юртимизнинг шон-шуҳратини улуғлайди, халқимизнинг бирлик, ғурур ҳамда матонатини дунёга кўрсатади. Айнан шу сабабдан у ҳар доим энг юксак саҳналарда, энг нуфузли майдонларда жаранглаши бутун халқнинг эзгу тилагидир.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА