Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
10 дан ортиқ ёдгорликда археологик дала қидирув ва қазишма ишлари олиб борилмоқда
16:23 / 2025-06-12

АОКАда Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Моҳира Жуманова иштирокида брифинг ўтказилди.

Мутахассисга кўра, Фанлар академияси Миллий археология маркази илмий ходимлари томонидан республикамиз ҳудудидаги 10 дан ортиқ ёдгорликда археологик дала қидирув ва қазишма ишлари олиб борилмоқда. Дала тадқиқот мавсуми бошлангандан буён археолог олимлар томонидан бир қанча янги ёдгорликлар аниқланди ва маданий мерос рўйхатига киритилди.

2023-2026 йилларда музейлаштирилиши кўзда тутилган археологик ёдгорликлар манзилли дастурига мувофиқ, Наманган вилояти Поп тумани ҳудудида жойлашган Қадимги Поп (Мунчоқтепа) ёдгорлигида Ўзбекистон-Хитой қўшма археологик экспедицияси томонидан тадқиқотлар амалга оширилган.

Тадқиқотлар жараёнида ёдгорликдан турли типологик хусусиятларга эга бўлган 6 та ер ости сағанаси – якка ва жамоавий турдаги дафн иншоотлари аниқланди. Шунингдек, қазишмалар давомида ушбу сағаналардан қадимги даврга оид дафн маросимлари билан бевосита боғлиқ бўлган сопол буюмлар, турли шакл ва материаллардан ясалган мунчоқлар, мис тангалар ҳамда кўзгулар каби археологик топилмалар топилди. Ушбу артефактлар ёдгорлик доирасидаги маросим маданияти, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва диний эътиқодлар тизимини тадқиқ этишда муҳим илмий манба ҳисобланади. 

Шунингдек, Наманган вилоятида жойлашган Ахсикент ёдгорлигида ёдгорликнинг 10 га яқин объектларини очиқ осмон ости музейига айлантириш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда Ахсикент ёдгорлигида 2 та очиқ осмон ости музейи қад ростлади. Яна 4 та объектда музейлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА