Кузатувчилар саволларига мутасаддилар жавоби
Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм каналида 27 июль куни “1-синфга қабулдаги муаммо ва ечимлар” мавзуида бўлиб ўтган овозли чатда кузатувчилар томонидан берилган саволларгаХалқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Эркинжон Муродов, вазирлик мутасаддиси Абдували Хайдаров ҳамда 1-синфга қабул лойиҳаси координатори Пўлатжон Колдибековлар жавоб берди.

– Фарзандини қайси мактабда ўқитиш ота-онанинг ихтиёридами?
– Ўзларининг ихтиёрида. “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ота-оналар ўзлари мактабни танлашлари мумкин. Лекин 20 июндан 31 июлгача ўз микроҳудудларига ариза беришлари керак. 1 августдан 15 августгача микроҳудуддан ташқаридаги мактабга ариза бериш имконияти бор. Ариза кўриб чиқилгач микроҳудуддан ташқаридаги мактабда бўш жой бўлса болани бериш мумкин.
– Янгиҳаёт тумани “Янгиҳаёт” маҳалласида жойлашган 332-сонли мактабда 1-синфлар учун рус тилига ихтисослашган синф очилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
– Юртимизда 7 та тилда таълим берилади. Рус тилидаги синфларни очиш учун қонунчиликда ҳеч қандай тўсиқлар ёки муаммо йўқ. Бу нарсани мактаб маъмурияти ҳал қилади. Фақат бир нарсани эътиборга олиш керак. Ўша мактабда биринчи галда мактаб педагог кадрлар билан таъминланган бўлиши лозим. Иккинчидан, 1-синфга чиқадиган ўқувчилар учун 1 йил аввал дарслик ва Президент совғалари буюртма қилинади. Агар мактаб бир йил аввал таълим рус тилида олиб борилишини режа қилиб, белгиланган тартибда ўзининг буюртмаларини, туман, шаҳар халқ таълими бўлимларига юборган бўлса, Президент совғаси ажратилган бўлса, русийзабон ўқувчилар инобатга олиниб, очилиши мумкин.
Баъзи мактабларда таълим рус тилида олиб бориладиган синфлар очишадида, 4-5-синфга ўтгандан кейин кадрлар етишмовчилиги юзага келганида ота-оналар боласини бошқа мактабга йўналтиради. Эртага шунақа муаммолар келиб чиқмаслиги учун мактаб маъмурияти кадрлар билан таъминлаш масаласини аввалдан режалаштирган бўлса, буни бемалол ҳал этиш мумкин.
Мадина Абдураҳмонова, Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани.
– Фарзандим 2016 йил январь ойида туғилган. Мактабга бермоқчи бўлганимда болангиз 6 ёшда экан, болани 7 ёшга тўлганидан кейин қабул қиламиз, дейишди. Агар мактабда квота тўлмаса фарзандимни 1 синфга берсам бўладими?
– “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ўқувчилар мактабга 1-синфга 7 ёшга тўладиган йили қабул қилинади. Оддий қилиб тушунтирадиган бўлсак, бу йилги 1-синф ўқувчилари 2015 йил 31 декабрга қадар туғилган бўлишлари керак. Бу кузатувчимизнинг фарзанди 2016 йил январь ойида туғилганлиги учун фарзандининг ёши қонунчилик талабларига тўғри келмайди. Мактабда бўш жой қолган, қолмагани аҳамиятга эга эмас.
– Ўқувчиларимизни тизимга киритаётган вақтда бир ўқувчи тизимга киритилган деган хабар келяпти. Буни қандай ҳал қилсак бўлади?
– Битта болани 2-3 та мактабга киритиб қўйиш каби хатоликларнинг олдини олиш мақсадида тизимда назорат ўрнатилган. Бундай ҳолатларда марказимизда ташкил этилган 71 203-07-04 рақамига мурожаат қилиш керак. Бундан ташқари бизда техник гуруҳ ҳам ташкил қилинган бўлиб, қабул қилинган мурожаатлар қайта кўриб чиқилади, муаммо бартараф этилишида ёрдам беришади.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/qDYuYWiHKZ0" title="Болани 6 ёшдан мактабга бериш мумкинми?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео), ЎзА