Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Коррупцияга қарши муросасиз муҳит яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтиришга қаратилган Президент Фармони ва қарори мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Мазкур матбуот анжумани Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида ташкил этилди.
Таъкидланганидек, мазкур Фармон ва қарор билан қуйидаги энг муҳим масалалар ҳал қилинмоқда:
Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор, деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилиши белгиланиб, унга киритилган шахсларга нисбатан бир қатор чекловлар ўрнатилди. Хусусан, бундай шахсларнинг давлат хизматига қабул қилиниши, мукофотлар билан тақдирланиши, назорат остида бўлган корхоналар акцияларига эгалик қилиши тақиқланади.
2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади. Мол-мулкнинг келиб чиқиш манбаини тасдиқлаш шарти фақат 2022 йил 1 январдан сўнг орттирилган мол-мулкка нисбатан татбиқ этилади.
Декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва нотўғри маълумот киритиш давлат хизматидан бўшатиш ва жавобгарликка тортишга асос бўлади. Давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисобрақамларини очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади. Манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш ва олдини олиш бўйича чора кўрмаганлик жавобгарликни келтириб чиқаради.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. 2021 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади.
2021 йил 1 октябргача коррупция, манфаатлар тўқнашуви асосида тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас, деб топиш, давлат хизматчилари томонидан тадбиркорликда қатнашиши ҳуқуқий оқибатларини белгиловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, жорий йил 1 октябрдан барча давлат органлари ва ташкилотлари, вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади.
2021 йил 1 авгyстдан давлат харидлари соҳасидаги тендер натижалари очиқ эълон қилинади. Шу билан бирга давлат харидларида ҳамкорлар (контрагентлар)ни текшириш тартиби ишлаб чиқилади.
Давлат органида кадрлар, хўжалик, молия-иқтисод ва назорат бўлинмалари раҳбарлари ҳар 5 йилда ротация қилинади. Давлат хизматчилари коррупцияга қарши ўқитишнинг “ҳалоллик вакцинаси”га асосланган тизими жорий этилади. Бунда давлат хизматчилари ҳар 3 йилда қайта ўқитилади. Жорий йил 1 октябргача электрон ўқув платформа ишга туширилади.
Қирқ тўртта чора-тадбирдан иборат 2021–2022 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланяпти.
Шу билан бирга, Фармонда очиқликни таъминлаш, мансабдорларнинг ҳисобдорлигини ошириш орқали самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш белгиланди.
- Коррупцияга қарши қабул қилинган фармон ва қарордаги янгилик ва меъёрларда айнан жамоатчилик томонидан илгари сурилган таклифлар мужассам, - дейди Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурхонов. - Биринчи маротаба манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлиги учун, ноқонуний бойлик орттирганлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда. Коррупцияга оид белгиланган жазо чоралари кескин кучайтирилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА