Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Президент қарорига мувофиқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига қўшимча ваколатлар берилди.
Жумладан, мутасадди идоралар томонидан халқаро стандартлар ва техник регламентларнинг жадал жорий этилишини мувофиқлаштириб бориш, маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларни бузганликда айбдор бўлган тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), сотувчилар ва ижрочиларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш бўйича судга мурожаат қилиш, корхоналарда техник регламент ва стандартлар талабларига риоя этмаганлик учун корхона ва тармоқ раҳбарларига тақдимномалар киритиш, техник регламентлар, стандартлар ва қонунчиликда белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш ва реестрини юритиш шулар жумласидан.
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади. Бунда, мувофиқликни декларациялаш техник регламент талаблари асосида маҳсулот тўлиқ синовдан ўтказилганидан сўнг, ижобий натижаларга кўра тузиладиган синов баённомалари асосида мувофиқлик сертификати берилмаган ҳолда амалга оширилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА