Сайлов – 2021
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.
Округ сайлов комиссияси қошидаги Матбуот марказининг ӮзА мухбирига маълум қилишича, мажилис кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкалари рўйхатини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, жорий йил мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши муносабати билан 23 июль куни сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинган эди. Эндиликда ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8-айловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга ошириши белгиланган. Шунга кўра 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси биринчи йиғилишида округ қошида Матбуот маркази ташкил қилинди ва унинг раҳбари ҳамда аъзолари тасдиқланди.
Сайлов кодексининг 10-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг тақдимномасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 656 та сайлов участкаси ташкил этилди. Йиғилишда 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси томонидан сайлов участкаларининг тартиб рақамлари, чегаралари, манзиллари кўрсатилган рўйхати тасдиқланди.
Шунингдек, комиссиянинг ушбу мажлисида сайлов участкаларини намунавий этиб тайёрлаш, сайловни ўтказиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш, сайлов участкалари комиссиялари аъзоларининг таркиби бўйича таклифлар бериш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари учун брифинг бўлиб ўтди. Унда 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси У.Жалменов сиёсий жараёнларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ҳамда журналистларни аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳақида маълумот берди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА