Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 октябрга қадар «Масофавий электрон декларациялаш» тартиби йўлга қўйилади
16:19 / 2022-09-27

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Божхона органларида коррупцияга қарши курашишнинг комплаенс назорат тизими: янгиликлар ва натижалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда қайд этилишича, божхона маъмуриятчилигини янги босқичга олиб чиқиш, божхона юк операцияларини рақамли трансформация қилиш орқали инсон омилини кескин қисқартириш, соҳани очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида коррупциядан холи тизимга айлантириш мақсадида сўнгги бир йил давомида 28 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Жорий йилнинг 27 апрелида Президентимизнинг «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан божхона органларини коррупциядан холи тизимга айлантириш дастури тасдиқланди. Дастурга биноан жорий йил 1 сентябрдан халқаро стандартларга мувофиқ комплаенс назорат тизимини тўлақонли ишга тушириш ҳамда ходимларнинг ушбу тизим бўйича билим ва малакасини ошириш йўлга қўйилди.

Шунингдек, шу йил 1 июндан кадрларни очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида танлаш, бунда танлов жараёнлари натижаларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида эълон қилиб борилиши таъминланди.

Очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларига тўлиқ риоя этиш ҳамда божхона тизими фаолиятида очиқлик принципларига амал қилиш даражасини ошириш бўйича Давлат божхона қўмитасининг 2022 йил 18 июнда Давлат божхона хизмати органлари фаолиятининг очиқлиги концепцияси тасдиқланди.

2023 йил 1 январдан эътиборан божхона органлари ходимларининг даромадлари ҳамда мол-мулкини декларациялаш амалиёти босқичма-босқич жорий этилади. Шу мақсадда, тегишли низом ишлаб чиқилиб, Давлат божхона қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тасдиқланди.

[gallery-8935]

Яна бир маълумот, шу йил 16 сентябрда Божхона қиймати декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Натижада, божхона органи томонидан божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатларни зарурат бўлганда қўшимча сўраб олиш амалиётини жорий этиш орқали ушбу ҳужжатларни мажбурий талаб этиш тартиби бекор қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари ҳамда Миллий кинология марказида божхона органлари ходимларини коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, одоб-ахлоқ, қоидалари бўйича режа-жадвали асосида ўқув курслари ташкил қилинди.

— Соҳада коррупциянинг олдини олишда энг муҳим йўналиш, бу тизимни рақамлаштиришдир, — дейди Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов. — Ҳозирда божхона органлари фаолиятига доир 49 та ахборот тизими ва 33 та интерактив хизмат йўлга қўйилган. Сўнгги бир йилнинг ўзида 12 та ахборот тизимлари ва интерактив хизматлар ишлаб чиқилди. “E-ҳужжат», «Е-Архив», «Е-қарор», «Авиа API/PNR”, “E-Navbat”, «Шаффоф тизими», «Божхона ходими», «Транспорт назорати» ва «Коррупциявий хавфлар» каби ахборот тизимлари номидан кўриниб турибди-ки, энг аввало тизимдаги коррупцион омилларни бартараф этишга катта ҳисса қўшади. Мазкур йўналишдаги кўрилаётган чора-тадбирлар ўзининг муносиб эътирофини топмоқда. Давлат божхона қўмитасининг коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги баҳолашдан ўтказилди. Унда Давлат божхона қўмитасининг коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги 91 балл билан "яхши" деб топилди.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, жорий йил 1 октябрга қадар республикамизнинг барча ҳудудлари божхона постларида божхона юк декларацияларини «Масофавий электрон декларациялаш» расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, шу йил 1 декабрга қадар божхона органларида коррупцион хавфларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилади. 2022 йил ноябрь ойидан божхона органлари ходимлари фаолиятини рейтинг асосида KPI тизими бўйича баҳолаш орқали уларни рағбатлантириш йўлга қўйилади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА