Президентимизнинг жорий йилнинг 12 августда «Замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиши учун таълим кредити ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Тижорат банклари ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратади.
Нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун ёшларга таълим кредити БҲМнинг 65 баравари (19 млн. 500 минг.сўм)гача миқдорда 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган ёшларга ажратилади.
Расмийлаштирилиши ва унинг қайтарилишида кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахслар биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилалар фарзандлари бўлган ёшларга ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олишга ажратиладиган таълим кредити учун гаров ва кафиллик талаб этилмайди.
Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда депозит маблағлари ва ахборот технологиялари соҳасида ёшларнинг таҳсил олиши учун таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасайтирилади, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.
АТ «Халқ банки», АТ «Алоқа банк» ва «Микрокредитбанк» АТБнинг 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб IT-парк резиденти бўлган ташкилотларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги ўқув курсларида таҳсил олаётган иштирокчи сертификатини олган ёки ушбу ўқув курсларини сўнгги 6 ойда муваффақиятли тамомлаган ёшларга компьютер (шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаган) харид қилиш учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади.
Бунда компьютер харид қилиш учун ажратиладиган истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваригача қисми Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсация қилинади.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилалар фарзандлари бўлган ҳамда «Ёшлар дафтари»га кирган ёшларга 2023 йил 1 августга қадар «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ва сертификат олган ҳолда, шунингдек, мазкур қарорнинг 4-бандида кўзда тутилган тартибда компьютер харид қилиш мақсадида кредит олиш учун Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кафиллик бериш тизими жорий этилади.
ЎзА